Олтин қимматлашди, bitcoin нархи пасайди – Халқаро молия бозори шарҳи
Ҳафта давомида аксарият қимматбаҳо металлар ўсиш суръатини тақдим этди. Хусусан, олтин 58 долларга, кумуш 1,6 долларга, мис эса 8 центга қимматлашди. Асосий криптолар эса коррекцияга учради. Bitcoin 4,89 фоизга, Ethereum эса 7,32 фоизга арзонлашди.
Жаҳон молия бозорлари навбатдаги қайноқ ҳафтани муваффақиятли якунлади. Жорий ҳафтада макроиқтисодий ёки сиёсий маълумотлар нисбатан кам бўлди, бироқ АҚШ компаниялари I чорак учун корпоратив маълумотларини эълон қилди. Бунинг натижасида молия бозорларида апрел ойида вужудга келган пессимизм юмшаб, бозорлар тиклана бошлади.
Jahon Insights канали экспертлари 6 майдан 10 майгача бўлган даврда Халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.
АҚШ топ фонд бозорлари индекси:
- S&P500 – 5222 (ҳафта бошидан +1,85 фоиз, йил бошидан +9, 49 фоиз);
- NASDAQ – 18161 (ҳафта бошидан +1,51 фоиз, йил бошидан +7,94 фоиз);
- DJI – 39512 (ҳафта бошидан +2,16 фоиз, йил бошидан +4,84 фоиз).
АҚШ фонд индекслари май ойининг навбатдаги ҳафтасида ўсиш суръатини тақдим қилишда давом этди. Хусусан, ҳисобот ҳафтасида Dow Jones индекси 837 пункт, NASDAQ 270 пункт ва C&P500 95 пункт ўсишга муваффақ бўлди.
Асосий қимматбаҳо металлар:
- Олтин – 2360 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +2,53 фоиз, йил бошидан +14,42 фоиз;
- Кумуш – 28,1 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +6 фоиз, йил бошидан +18,62 фоиз;
- Алюминий – 2510 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан -1,53 фоиз, йил бошидан +5,44 фоиз:
- Мис – 4,6 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан +1,78 фоиз, йил бошидан +19,28 фоиз.
Қимматбаҳо металлар ҳам коррекцияни амалга оширгач, ўсиш тенденциясини тиклаб, тепага ҳаракатланишни давом эттирди. Олтин 58 долларга, кумуш 1,6 долларга, мис эса 8 центга қимматлашди. Фақатгина алюминий олдинги ҳафтага нисбатан 31 долларга арзонлашди.
Нефт
- WTI – 78,13 доллар (ҳафта бошидан +0,26 фоиз, йил бошидан +9,59 фоиз);
- BRENT – 82,67 доллар (ҳафта бошидан -0,13 фоиз, йил бошидан +7,31 фоиз).
Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 20 центга арзонлаган бўлса, BRENT 11 центга ошди.
Валюталар
- USD/EUR: +0,08 фоиз (йил бошидан -2,45 фоиз);
- CNY/USD: -0,19 фоиз (йил бошидан +1,81 фоиз);
- TRY/USD: -0,05 фоиз (йил бошидан +9,33 фоиз);
- UZS/USD: +0,50 фоиз (йил бошидан +3,36 фоиз);
- RUB/USD: +1,33 фоиз (йил бошидан +3,71 фоиз).
Валюталар бозорида ҳам нисбатан тинчлик ҳукм сурди ва улардан бир қанчаси ўсишга муваффақ бўлди. Долларга нисбатан лира, евро ва юан мос равишда 0,05 фоиз, 0,08 фоиз ва 0,19 фоизга мустаҳкамланди, сўм ва рубл эса 0 5 фоиз ва 1,33 фоизга қадрсизланди.
Криптовалюта
- Bitcoin – 60875 доллар (ҳафта бошидан -4,84 фоиз, йил бошидан +43, 54 фоиз);
- Ethereum – 2909 доллар (ҳафта бошидан -7,32 фоиз, йил бошидан +27,45 фоиз).
Асосий криптолар тебранишни давом эттирмоқда. Ҳафта давомида Bitcoin 4,89 фоизга, Ethereum 7,32 фоизга пасайди.
Бозорлар ҳақида қисқача
Яқин Шарқда юзага келаётган урушлар натижасида ёқилғи нархлари қимматлашиши, ҳосил етишмовчилиги туфайли какао, ловия нархи янги тарихий максимумларини ўрнатиши ва Европа минтақасида давом этаётган уруш туфайли бошқа дон маҳсулотларидаги узилишлар истеъмол нархлари ўсишига олиб келмоқда. Бироқ сўнгги ҳафталарда вужудга келган ноаниқлик яқин кунларда, яъни чоршанба куни тугаши кутиляпти. Чунки келаётган ҳафта АҚШда янгиланган инфляция кўрсаткичи эълон қилингач, инвесторлардан келиб тушган маълумотлар асосидаги монетар сиёсатининг янги таҳлили бозорнинг яқин келажакдаги йўналишини белгилаб бериши мумкин.
Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 6 майдан 10 майгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.
Мавзуга оид
11:40 / 10.11.2024
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
13:38 / 03.11.2024
Доллар индексида тебранувчанлик, Bitcoin нархи қимматлашди — халқаро молия бозори шарҳи
17:05 / 02.11.2024