Ўзбекистон | 19:27 / 13.05.2024
13722
1 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида жанжал кўтарган Россия фуқароси 3 суткага қамалди

У кеча, 12 май куни Тошкент–Москва йўналишида учишга тайёргарлик кўраётган рейс бортида маст ҳолатда жанжал чиқарган ва экипаж аъзоларини ҳақорат қилган. Бугун хорижлик ҳуқуқбузарга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент халқаро аэропортида жанжал кўтарган ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган Россия фуқаросига жазо қўлланди. Kun.uz суд ҳужжатини ўрганди.

Ҳолат бугун, 13 май куни жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида кўриб чиқилган.

Суд қарорида келтирилишича, 12 май куни соат 15:00да Россия фуқароси, 39 ёшли Алексей Мешеряков спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда Тошкент–Москва йўналишида учишга тайёргарлик кўраётган рейс бортида жанжал кўтарган. У жамоат тартибини бузиб, экипаж аъзоларини ҳақорат қилган.

Мешеряков бу ҳаракатлари учун ИИБга олиб борилган, лекин ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига ҳам бўйсунмаган.

Суд қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид