Ўзбекистон | 11:03 / 14.05.2024
20198
4 дақиқада ўқилади

«Права» олиш учун автодромда имтиҳон қабул қилиш методикаси эълон қилинди

Ички ишлар вазирининг “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини бериш учун автодромда амалий имтиҳонларни қабул қилиш методикасини белгилаш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Методика автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун амалий имтиҳонларни автодромда ташкил этиш ва ўтказиш кетма-кетлигини белгилайди.

Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун амалий имтиҳонларни автодромда ташкил этиш ва ўтказиш методикасига қуйидагилар киради:

- автодромда амалий имтиҳонларни ўтказиш тартиби;
- синов машқларини бажариш кетма-кетлиги;
- ҳар бир синов машқлари ва амалий имтиҳонлар учун умумий баҳолаш мезонлари.

Автомототранспорт воситаларини бошқариш бўйича амалий имтиҳонлар А, В, C, D, ВЕ, CЕ, DЕ тоифалари учун ўтказилади.

Амалий имтиҳонларда иштирок этиш учун ҳайдовчиликка номзодлардан қуйидагилар талаб этилади:

- назарий имтиҳонларда олган ижобий натижаси;
- автодром шароитида бошқарув кўникмалари бўйича илгари ўтказилган амалий имтиҳонлардаги салбий натижаси;
- ВЕ, CЕ, DЕ тоифалари бўйича транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун амалий имтиҳонларни ўтказишда ҳайдовчиликка номзодга хизматлар кўрсатиш бўйича мурожаатининг натижаси.

ВЕ, CЕ, DЕ тоифаларидаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини қайта тайёрлашда фақат амалий имтиҳонлар топширилади.

Автодром шароитида бошқарув кўникмалари бўйича амалий имтиҳонларни ўтказиш жараёни қуйидаги ҳаракатларни ўз ичига олади:

-  тайёргарлик - 10 дақиқадан ошмаган муддатда;
- имтиҳонларнинг синов машқларини ўтказиш - 25 дақиқадан ошмаган муддатда;
- синов машқларини ва имтиҳонларни ёзиб олиш ва баҳолаш - дарҳол синов машқлари ва имтиҳонлар якунлангандан кейин.

Қуйидаги тартиб регистратор (administrator) томонидан амалга оширилади:

- ҳайдовчиликка номзоднинг шахси аниқланади;
- назарий имтиҳонларни топширишнинг ижобий натижаси мавжудлиги маълумотлар базаси ёки автоматлаштирилган имтиҳон тизимида (АИТ) рўйхатдан ўтганлиги амалий имтиҳонни топшириш хизматини олиш учун текширилади (ВЕ, CЕ, DЕ тоифаларидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи учун) амалий имтиҳондан ўтишнинг белгиланган муддатларига риоя қилиш (такрорланган тақдирда амалий имтиҳонларни топшириш).

Автодром веб-сайти ҳамда амалий имтиҳонлар топшириш учун кутиш хонасида ҳайдовчиликка номзодлар қуйидагилар билан танишишлари мумкин:

- автодромда синов машқларининг йўналишлари ва кетма-кетлиги;
- транспорт воситаларини бошқариш кўникмалари бўйича имтиҳонларни ўтказиш тартиби ва натижаларини баҳолаш тизими;
-амалий имтиҳонлар пайтида хавфсизлик техникаси йўриқномаси.

Автодром ҳудудида ҳайдовчиликка номзодни масъул ходим кутиб олади, унга транспорт воситасини бириктиради, ҳайдовчининг ўриндиғини эгаллаганини текширади ҳамда ҳаракатланишга тайёр эканини назорат қилади.

Масъул ходимнинг буйруғи билан ҳайдовчиликка номзод транспорт воситаси (ўқув транспорт воситаси)ни бошқаради ва старт чизиғига келиб, синов машқларини бажаришни бошлайди.

Автодромдаги масъул ходим буйруғи билан АИТ баҳолаш дастури ишга туширилиб, амалий имтиҳонларнинг бошланиши билан синхронлаштирилади.

Транспорт воситаларининг автодромдаги ҳаракатланиш оралиғи АИТ орқали тартибга солинади.

Ҳаракатланиш оралиғи автодромдаги масъул ходим томонидан кутилмаган вазиятлар бўйича кузатилади ва назоратга олинади.

Ҳайдовчиликка номзод, тегишли тоифадаги автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи учун имтиҳонларда автодромда ҳаракатланишни белгиланган кетма-кетликда бошқариш схемаси бўйича кўзланган барча синов машқларини бажаради.

Амалий имтиҳонлар вақтида ҳайдовчиликка номзоддан бошқа шахсларга транспорт воситаси (имтиҳонлар ўтказилаётган)нинг ичида (устида) бўлишига рухсат этилмайди.

Имтиҳонлар жараёни жамоатчиликка видео-трансляция қилинишига шароит яратилади.

Мавзуга оид