Жаҳон | 10:47 / 15.05.2024
1749
3 дақиқада ўқилади

Германия ва Швеция ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ниятида

Германия канцлери ва Швеция бош вазири ўртасидаги учрашув натижаларига кўра, мамлакатлар мудофаа ва технология соҳасида ҳамкорлик қилади. Берлин ва Стокҳолм аллақачон стратегик ҳамкорлик шартномасини янгилаган.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия ва Швеция ҳамкорликни кенгайтириш ва келажакда мудофаа ва технология соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида. 14 май, сешанба куни Стокҳолмда Швеция бош вазири Улф Кристерссон билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Германия канцлери Олаф Шолц: «Биз Европада энергия алмашинувини илгари суришимиз керак ва буни хоҳлаймиз», деб таъкидлади. Аввалроқ икки давлат стратегик шериклик шартномасини янгилаган эди.

Кеча Швецияга икки кунлик ташриф билан келган федерал канцлер Шлезвиг-Голштейндаги аккумулятор заводига сармоя киритаётган швед ишлаб чиқарувчиси Northvolt ҳақида таъкидлаб, энергия алмашинувида ҳаракатчанликнинг муҳим ролини алоҳида эслатиб ўтди. Шолц, шунингдек, Болтиқ денгизи минтақасининг яшил водород ишлаб чиқариш технологиялари соҳасидаги салоҳиятини таъкидлади.

Ўз навбатида, Кристерссон сувости технологиялари ва кибермудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Европанинг коинотдаги мавқейини яхшилаш имкониятларини қайд этди. «АҚШ ва Осиё давлатлари билан рақобат учун рақобатбардошлигимизни кучайтиришимиз керак», деди Швеция ҳукумати раҳбари. 

Bloomberg: Швеция муҳим инфратузилмани мустаҳкамлаяпти

2024 йилда иттифоққа қўшилган Швеция Россиянинг яқин ўн йил ичида НАТОга ҳужум қилиши мумкинлигидан хавфсираб, мудофаа ва электр тизимини агрессив тарзда мустаҳкамлашга киришди. Бу ҳақда 24 апрел куни Bloomberg хабар берди. Швеция мудофаа университети эксперти Вера ван Зуст агентликка берган интервюсида таъкидлаганидек, Швециядаги электр тармоқлари кўплаб Европа мамлакатларига қараганда диверсияга кўпроқ мойил. Бунинг сабаби Швециянинг жанубида йирик шаҳарлар, шимолда эса гидро ва шамол электр станциялари жойлашган. Шу муносабат билан мамлакатда электр тармоқлари 16 минг километрга чўзилган.

Россия энергетика инфратузилмасига ҳужум қилган тақдирда кенг миқёсдаги электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш учун Швеция захира қувватини тайёрлашга киришди, дея қайд этади Bloomberg. Шу тариқа, миллий энергетика оператори Svenska Kraftnat Швециянинг учинчи йирик шаҳри Малмёдаги электр станциясини сотишни бекор қилди. 

Россия ҳужумлари натижасида энергия тизими оғир аҳволда бўлган Украина тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Svenska Kraftnat Стокҳолм, Гётеборг ва бошқа муҳим ҳудудларни захира энергия билан таъминлаш режаларини тайёрламоқда. «Биз инқироз даврида одатдагидек ишлашни давом эттириш қобилиятимизни кучайтирмоқдамиз», деди компаниянинг хавфсизлик бўйича бош директори Эрик Нордман Bloomberg билан суҳбатда.

Мавзуга оид