Жамият | 19:00 / 15.05.2024
7213
3 дақиқада ўқилади

ОКМК: “HG-AMMC” МЧЖ қўшма корхонаси қурилишига старт берилди

Фото: ОКМК

Ўзбекистон кон ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан Олмалиқ кон-металлургия комбинатида Хитой Халқ Республикасининг “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда “HG-AMMC” МЧЖ қўшма корхонаси қурилишига старт берилди. Ушбу байрам ҳар йили май ойининг 3-якшанбасида нишонланади.

Қўшма корхонанинг қурилиш ишларини бошлаш тадбирида Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти, “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси президенти ва мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Мазкур қўшма корхона жорий йилнинг январ ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи давомида эришган келишувларнинг натижасидир. Оҳангарон туманида жойлашган корхонада “Тоғ-кон машиналари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 23 млн доллар бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 37,5 млн долларни ташкил этади. Ҳамкор компания томонидан тоғ-кон машиналари учун 282 дан ортиқ эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар биринчи навбатда маҳаллий бозордаги эҳтиёжларни қоплайди ва келажакда экспорт қилинади.

Эътиборлиси, қўшма корхонада 150 та янги иш ўринлари яратилиб, лойиҳа Ўзбекистон саноат соҳасида янги ютуқларга эришишга ва иқтисодиётнинг ўсишига салмоқли ҳисса қўшади.

Тадбирда ОКМК раҳбарияти, “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси президенти ва нуронийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, лойиҳанинг қурилишига расман старт берилди.

Лойиҳа ва келгусидаги режалар ҳақида “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси президенти Цун Цилин Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида гапирди:

“Нимага биз Ўзбекистонни танладик, деган саволга жавоб берадиган бўлсам, энг аввало, юртингизда инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг йилдан-йилга ривожланиб бораётганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи ҳар икки томон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади. Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг марказида жойлашганлиги, қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги ҳам бизни қизиқтиради. Ушбу лойиҳа ҳамкорлигимизнинг биринчи навбати ҳисобланиб, бугун ОКМК раҳбарияти билан яқин истиқболда амалга оширадиган бошқа лойиҳалар бўйича ҳам музокаралар олиб бордик. Бугун старт берилган лойиҳа ўйламанки, ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади”, - деди у.

ОКМК Ахборот хизмати

Реклама

Мавзуга оид