Жаҳон | 10:16 / 18.05.2024
3366
3 дақиқада ўқилади

Ғазода гуманитар ёрдам етказиш учун АҚШ бандаргоҳи очилди

Ғазо секторида тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун АҚШ ҳарбийлари томонидан қурилган бандаргоҳ ишга туширилди.

Фото: AP

Ғазо сектори қирғоғида тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун АҚШ ҳарбийлари томонидан махсус қурилган денгиз бандаргоҳи очилди. 17 март, жума куни у ерга гуманитар ёрдамнинг биринчи партияси етиб келди, юк машиналарига ортилди ва секторга жўнатилди

АҚШ ҳарбий прогнозларига кўра, келажакда етказиладиган ёрдам ҳажми кунига 150 та юк машинасигача оширилиши мумкин. Шу билан бирга, Америка ҳукумати ва гуманитар ташкилотлар бу бандаргоҳ Ғазо секторига қуруқликдан инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ўрнини боса олмаслигига ишончи комил. 

ҲАМАС Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиладиган назорат пунктини ўққа тутди 

Май ойи бошида ҲАМАС ташкилоти Исроил ва Ғазо сектори чегарасидаги «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пунктини ўққа тутгани маълум бўлди, у орқали минтақа аҳолиси учун гуманитар ёрдам қабул қилинган. Ҳужум оқибатида тўрт нафар исроиллик аскар ҳалок бўлди. 

Рафаҳдаги оғир гуманитар вазият

15 май, чоршанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Исроилни Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги операцияни «зудлик билан» тўхтатишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, у ерда «ҳалокатли гуманитар вазият» вужудга келган, Исроил ҳарбийлари уни янада кучайтириши керак эмас. 16 май, пайшанба куни Германиянинг Süddeutsche Zeitung нашри Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кацга йўлланган мактуб билан танишиб чиққани тўғрисида хабар берди. Унда 13 давлат ташқи ишлар вазирлари мамлакатни Рафаҳдаги кенг кўламли ҳужумдан тийилишга чақирган. Нашрнинг ёзишича, мурожаатни АҚШдан ташқари G7 давлатларининг барча ташқи ишлар вазирлари имзолаган. 

Миср ва Ғазо сектори чегарасида жойлашган Рафаҳга ҳудуднинг бошқа қисмларидаги жанговар ҳаракатлардан қочган бир миллиондан ортиқ аҳоли келган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35,2 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид