Ўзбекистон | 12:38 / 25.05.2024
19688
3 дақиқада ўқилади

Air Samarkand'нинг Виетнамга парвоз қилган самолёти Покистондан ортга қайтди

Тошкентдан Камран (Виетнам) шаҳрига учган чартер рейс 5 соатлик парвоздан сўнг Покистон осмонида ортга бурилиб, Тошкент халқаро аэропортига қайтиб қўнган. Kun.uz манбасига кўра, самолёт Ҳиндистон ҳаво ҳудудига киритилмаган. Компаниянинг изоҳлашича, маршрут ҳужжатларини расмийлаштиришда учинчи шахс томонидан хатога йўл қўйилган.

Air Samarkand авиакомпаниясининг Airbus A-330-302 самолёти / Фото: Kun.uz

Flightradar ресурсидан кўринишича, 24 май куни Air Samarkand авиакомпаниясининг 9S1021 рейс билан парвоз қилган, UK33001 рақамли Airbus A-330-302 самолёти Покистоннинг Ҳиндистон билан чегара яқинида жойлашган Лоҳур шаҳригача бориб, экипаж кутиш зонасида осмонда бир неча бор айланиб, сўнгра Тошкент халқаро аэропортига қайтишга мажбур бўлган. 

Бу рейс билан учган йўловчилардан бирининг Kun.uz'га маълум қилишича, авиакомпания Ҳиндистон томони билан бу давлат осмонини кесиб ўтиш бўйича келиша олишмаган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Air Samarkand'нинг ерда хизмат кўрсатиш бошқарма бошлиғи Алишер Суюнов билан боғланди. Унинг айтишича, авиацияда бундай ҳолатлар бўлиб туриши табиий.

Бирор давлатга борилса, ҳар бир ҳаво ҳудудидан рухсатнома олиш керак бўлади. Шу рухсатнома олинмаса, [устидан учиб ўтилиши керак бўлган] давлат ноқонуний кириб келган иммигрант сифатида кўради. Билишимча, бу вазиятда бироз тушунмовчилик бўлган. Чунки рухсатнома олишда ҳар бир давлатнинг ўзига яраша талаблари бор. Ҳиндистон билан бу борада бироз тушунмовчилик юзага келган, билишимча”,– деди у.

Қўшимча қилинишича, айни вақтда бу муаммо ҳал қилинган. Йўловчиларнинг ҳаммаси меҳмонхонага жойлаштирилган. Кечки соат 18:00да уларнинг самолёти Виетнам томон учиши кутилмоқда.

Ҳеч қандай шикоят йўқ, пассажирларнинг бир кунлик меҳмонхона хизмати, овқати тўлаб берилди”,– дейди авиакомпаниянинг вакили.

Маълумот учун, Air Samarkand авиакомпанияси 2022 йилда Самарқанд халқаро аэропорти базасида ташкил этилган ва ўша йилнинг 12 декабрида оммага илк бор эълон қилинган. Эксплуатация сертификати авиакомпания 2023 йилнинг декабрида қўлга киритган ва ўтган йилнинг 29 декабрида Самарқанддан Истанбулга илк тижорий қатновини амалга оширган.

Авиакомпанияда айни вақтда 2 та Airbus A-321 ва битта Airbus A330-300 самолёти мавжуд. Покистондан қайтишга мажбур бўлган, 36 та бизнес ва 277 та эконом классдаги ўриндиқларга эга ва UK33001 қайд этиш белгили Airbus A330-300 самолётининг ёши 13,6 га тенг. Самолёт аввал China airlines авиакомпанияси парвозларида қатнаган.

Мавзуга оид