Макрон 2024 йил учун Вестфалия тинчлик мукофоти билан тақдирланди
Франция президенти Вестфалия тинчлик мукофоти билан «Россиянинг Украинага ҳужуми бошида можарони тўхтатиш учун тинимсиз саъй-ҳаракатлари» учун тақдирланди.
Франция президенти Эммануэл Макрон 2024 йил учун халқаро Вестфалия тинчлик мукофоти билан тақдирланди. «Сиз шунчаки бажарувчи эмассиз, сиз илҳомлантирувчисиз. Бошқалар чегаралар ҳақида гапирганда, сиз уфқлар ҳақида гапирасиз», деди Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Макронга 28 май, сешанба куни Мюнстерда.
Мукофот Франция раҳбарига «Россиянинг Украинага ҳужуми бошидаги можарони тўхтатиш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари» учун берилди. Эммануэл Макрон «Россия ҳужумидан анча олдин Европа суверенитетига чақирган», деди мукофот ҳакамлар ҳайъати раиси Штайнмайер. У Макронни «қатъий европалик» деб атади ва унга Франция-Германия муносабатларига содиқлиги учун миннатдорчилик билдирди. «Бугунги кунда Франция ва Германия бир-бирига яқин экани ҳам кам эмас, мен бунга сиз каби инсонлар туфайли амин бўлдим», деди Германия президенти ўзининг француз ҳамкасбига.
Макронга ушбу мукофотни топшириш қарори 2023 йилда қабул қилинган. Аммо тақдирлаш маросими унинг Германияга ўша йилга мўлжалланган давлат ташрифи Франциядаги тартибсизликлар туфайли бекор қилингани сабабли қолдирилди.
Ўттиз йиллик урушдан кейинги тинчлик
Халқаро Вестфалия тинчлик мукофоти 1998 йилда Мюнстер ва Оснабрюк шаҳарларида вайронагарчиликка олиб келган Ўттиз йиллик урушдан кейин тузилган Вестфалия шартномасини хотирлаш учун таъсис этилган. Мукофот Вестфалия ва Липпе иқтисодий жамияти (WWL) томонидан ҳар икки йилда бир марта берилади. Ғолиб 100 минг евро олади, бу энг йирик немис тинчлик мукофоти бўлиб, у Европа интеграциясига алоҳида ҳисса қўшган одамлар, ташкилотлар ёки давлатларни тақдирлайди.
Илгари Вестфалия тинчлик мукофоти, хусусан, Чехия Республикасининг биринчи президенти Вацлав Гавел, Германия собиқ канцлерлари Гелмут Кол ва Гелмут Шмидт, Франция собиқ президенти Валери Жискар д'Эстен, БМТ собиқ бош котиби Кофи Аннан, ХКС экипажи, Иордания қироли Абдулла II, шунингдек, Болтиқбўйининг учта мамлакати - Эстония, Латвия ва Литвага топширилган эди.
Мавзуга оид
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
12:44 / 11.10.2024
Зеленский Парижда Макрон билан Украинанинг «ғалаба режаси»ни муҳокама қилди
11:20 / 07.09.2024
Шолц ва Макрон Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди
08:27 / 30.08.2024