Париж: Киевга Россия ҳарбий базаларини «зарарсизлантириш»га рухсат бериш керак
Ғарб қуролларининг Россиядаги тинч аҳоли нишонларига ҳужумига йўл қўймаслик керак, деди Франция президенти. Германия канцлери Киевнинг Россия Федерациясига зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланиши ҳақида аниқ гап гапирмади.
Киевга Россия Украина ҳудудига ракеталарини отган ҳарбий базаларни «зарарсизлантириш» учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат берилиши керак. Бундай фикрни Франция президенти Эммануэл Макрон 28 май, сешанба куни Берлин яқинидаги Мезеберг саройида Германия канцлери Олаф Шолц билан қўшма матбуот анжуманида билдирди.
«Биз уларга ракеталар учириладиган ҳарбий объектларни (...), Украинага ҳужум қилинадиган ҳарбий объектларни зарарсизлантиришга рухсат беришимиз керак», - дея иқтибос келтиради Франциянинг Le Monde газетаси давлат раҳбарининг сўзларидан. - Агар биз уларга (Украинага): «Ракеталар учирилган жойга яқинлашишга рухсат йўқ», десак, уларга: «Биз сизни қурол билан таъминлаймиз, аммо ўзингизни ҳимоя қила олмайсиз» деб айтган бўламиз.
Шу билан бирга, Макрон Украинага «Россиядаги бошқа нишонларни ва, шубҳасиз, тинч аҳоли нишонларини» уришига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади.
Матбуот анжумани чоғида Франция президенти француз расмийларига кўра, Украинага ҳужумлар қайси ҳудудлардан амалга оширилаётгани акс этган харитани кўрсатди. Бошқа нарсалар қаторида, гап Украина билан чегарадан узоқда жойлашган Россия Федерацияси ҳудуди ҳақида борган.
«НАТОга аъзо давлатлардан бирининг раҳбари биринчи марта Ғарб қуролларини Россиядаги позицияларига қарши қўллаш тарафдори бўлиб чиқди», — дейилади Германиянинг Tagesthemen ахборот дастури сайтида.
Шолц Киевнинг Россияга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланиши ҳақида
Ўз навбатида, Германия канцлери Олаф Шолц аниқ гап гапирмади. Хусусан, у «Украина, халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан, қилаётган ишлари учун барча имкониятларга эга», деб таъкидлади.
Шу билан бирга, у Киевга Берлин томонидан етказиб берилган қурол тизимларидан ана шундай мақсадларда фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги айрим ОАВ хабарларини рад этди. Бундай баёнотлар «ҳеч қачон бўлмаган» ва «ҳеч қачон бўлмайди», деди Шолц. «Германия ҳукумати нуқтайи назаридан, ҳужумга учраган давлатларга тажовузкор давлат ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилишга рухсат берилади», деб тушунтиради Tagesschau. Олаф Шолцнинг сўзларига кўра, Украина билан бу борада илгари мавжуд бўлган келишув «амалда яхши ишлаган».
29 майга ўтар кечаси АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Вашингтон «Россияга ҳужум қилиш учун АҚШ томонидан Украинага етказиб берилган қуроллардан фойдаланишни рағбатлантирмайди ёки бунга рухсат бермаслигини» маълум қилди.
Путин кескинлашув оқибатлари ҳақида
Россия президенти Владимир Путин Киевнинг Россия ичкари қисмидаги нишонларга зарба бериш учун Ғарбнинг узоқ масофали аниқликдаги қуролларидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамага кескин муносабат билдирди. «Бу жиддий нарса, албатта, биз буни диққат билан кузатяпмиз», деди Путин. «Узлуксиз кескинлашув жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин», дея огоҳлантирди у «глобал можаро» эҳтимолига ишора қилиб.
Бошқа нарсалар қаторида, Путин баъзи ҳолларда узоқ масофага мўлжалланган аниқ қуроллар учун нишонларни ҳисоблаш Украина ҳарбийлари томонидан эмас, балки Шимолий Атлантика алянси мамлакатлари вакиллари томонидан амалга оширилишини таъкидлади.
«НАТО давлатлари вакиллари, айниқса Европада, айниқса, кичик давлатларда - улар умуман нима билан ўйнашаётганидан хабардор бўлишлари керак. Улар эсда тутишлари керакки, бу, одатда, жуда зич аҳолига эга кичик ҳудудли давлат. Бу эса, улар Россия ҳудудига чуқур зарбалар бериш ҳақида гапиришдан олдин ёдда тутишлари керак бўлган омил», — дея Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирган Россия давлат агентлиги ТАСС.
Аввалроқ, 24 май куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг The Economist нашрига берган интервюсида Ғарб иттифоқчилари «Украинага берган қуроллардан фойдаланишга қўйган айрим чекловларни олиб ташлаш вақти келганини» айтган эди.
Мавзуга оид
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024