Сирдарёдаги “автотеррорчи” воқеаси: ҳайдовчининг ҳаракатларида одам ўлдиришга суиқасд таркиби бор
Футбол стадионига Captiva машинасида кириб келиб, уни тўпланиб турган одамлар устига бостириб борган ҳайдовчига жиноят кодексининг безориликни ифодаловчи моддаси билан иш қўзғатилди. Ҳодисани кузата туриб, бу қилмишда қасддан одам ўлдиришга суиқасдни кўриш мумкин.
Жорий йил 29 май куни Сайхунобод туманида футбол ўйини ўтказилаётган пайтда стадионга Captiva машинаси чиқиб келди ва номаълум сабабларга кўра ҳайдовчи уни қасддан одамлар устига бостириб борди. Машина камида бир фуқарони уриб юбориб, ҳаракатни давом эттирди. Автомобил стадион бўйлаб тартибсиз ҳаракатланаркан, йўлида учраган кимсани босиб ўтишга уринди. Расмий ахборотга кўра ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси, яъни безорилик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган.
Кўпчилик тармоқ фаоллари ҳайдовчига ушбу модда билан жиноят иши қўзғатилганидан норози бўлиб, фикрлар қолдирмоқда.
Жиноят кодексининг 277-моддаси ҳақида
Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилишда ифодаланган жиноятдир (277-модда биринчи қисми).
Баданга ўртача оғир шикаст етказиб, совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб, ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан безорилик содир этилган бўлса ҳам Жиноят кодексининг 277-моддаси (иккинчи қисми) таъсирига тушади.
Шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтдаги безорилик кодексининг 277-моддаси (учинчи қисми) таъсирига тушади.
Ушбу моддадаги энг оғир жазо 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир.
Тергов амалиётига кўра, жиноят иши қўзғатиш вақтида қилмиш тўла қамраб олинган ҳолда кваллификация қилиниши шарт, деган қоида йўқ. Жиноят таркиби кўринган энг бирламчи аломат(лар) бўйича жиноят иши қўзғатилади ва қилмишдаги бошқа айб(лар) уч ойлик дастлабки тергов даврида ўрганилади ҳамда малакаланади.
Бу қасддан одам ўлдиришга уриниш(ми?)
Фаоллар Captiva ҳайдовчисининг ҳаракатларини қасддан одам ўлдиришга суиқасд сифатида баҳоламоқдалар. Бу фикрларни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Гарчи ҳодисада (яхшики) одам ўлмаган бўлса-да, ҳайдовчи машинани қасддан одамлар устига бостириб борар экан, бу ҳаракати билан ким(лар)нидир босиб кетиши, натижада одам(лар) ўлиши мумкинлигини англамасдан иложи йўқ. Бу эса табиийки, қасддан одам ўлдиришга уринишни англатади.
Жиноят кодексининг 97-моддаси биринчи қисми қасддан одам ўлдириш жинояти учун жазони назарда тутади.
Сайҳунободдаги Captiva воқеасида эса ҳайдовчи икки ва ундан ортиқ шахслар устига машина бостиргани ҳисобга олинса, бу оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жинояти, дея малакаланиши мумкин.
Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми “а” банди икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш учун жазони назарда тутади.
Жиноят кодексининг 25-моддаси иккинчи қисмига кўра, қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади.
Ушбу ҳолатда одам(лар) ўлмай қолгани ҳисобга олинса, бу жиноят содир этишга суиқасд деб топилиши ва қилмиш Жиноят кодексининг 25,97-моддаси иккинчи қисми “а” банди билан малакаланиши мумкин.
Бу версиялар албатта тергов йўли билан текширилади ва содир этилган қилмишга қараб кваллификация қилинади. Якуний хулосани эса суд беради.
Мавзуга оид
07:30 / 05.11.2024
Қозоғистонда ўзбекистонлик ҳайдовчига жароҳат етказган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
20:58 / 04.11.2024
Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш чоралари кучайтирилади
11:30 / 01.11.2024
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашди
12:14 / 11.10.2024