НАТО бош котиби Киевга ҳар йили 40 миллиард евро ажратмоқчи
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иттифоқчиларга Украинага ҳарбий ёрдам учун ҳар йили 40 миллиард евро ажратишни таклиф қилади, деб хабар бермоқда Reuters.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг алянсга аъзо давлатларга Украинага ҳарбий ёрдам учун ҳар йили камида 40 миллиард евро ажратишни таклиф қилади. Бу ҳақда 30 май, пайшанба куни Прагада НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувининг биринчи кунида НАТОдаги манбасига таяниб, Reuters хабар берди. Учрашувнинг асосий мавзуси Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўлди.
«Украинага керак бўлган ёрдамни олдиндан айта олишни таъминлаш учун ҳозирги ёрдам даражасини минимал даражада ушлаб туришимиз керак», деди агентлик манбаси. Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужумидан бери НАТО аъзолари Украинани йилига тахминан 40 миллиард евро билан таъминлаган.
Reuters агентлигининг аниқлик киритишича, Столтенберг бу миқдорни аввалроқ эълон қилмаган, бироқ НАТО Украинани қўллаб-қувватлаш учун беш йил давомида 100 миллиард евро ёки ҳар йили 20 миллиард евролик махсус жамғарма яратишни муҳокама қилган. Бош котибнинг Киевга ҳар йили 40 миллиард евро ажратиш ҳақидаги таклифи 31 май куни муҳокама қилиниши кутилмоқда. 9-11 июл кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли стратегияни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги келишув бўлиб ўтади.
Столтенберг: Киевга Россиядаги нишонларни Ғарб қуроллари билан уришга рухсат беринг
Аввалроқ Столтенберг Шимолий Атлантика алянси давлатларини Киевга Россия Федерацияси ичидаги ҳарбий нишонларга берилган қуроллар билан ҳужум қилишига рухсат беришга чақирган эди. Май ойида бошланган Россиянинг Харкив вилоятидаги ҳужуми қисман Украинанинг Ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган қуроллардан «Россия ҳудудидаги қонуний ҳарбий нишонларга» ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсати йўқлиги билан боғлиқ, бироқ «иттифоқчилар учун буни ўйлаш вақти келди». Украинага берган қуроллардан фойдаланишга қўйган баъзи чекловларни олиб ташлаш керак, деди НАТО бош котиби The Economist журналида 24 май куни чоп этилган интервюсида.
Чехия Республикаси ва Финландия ташқи ишлар вазирлари Киевга Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат берди. Германия канцлери Олаф Шолц Россиядаги нишонларга зарба бериш учун немис қуролларидан фойдаланишга қарши чиқди.
Мавзуга оид
01:18 / 10.11.2024
Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади
10:09 / 09.11.2024
IISS: Европадаги НАТО давлатлари АҚШга таянишда давом этмоқда
07:47 / 09.11.2024
КХДРнинг урушдаги иштироки: НАТО Украинага янги ёрдам ваъда қилмоқда
17:30 / 04.11.2024