Жаҳон | 09:22 / 01.06.2024
5734
2 дақиқада ўқилади

Белгия Россияга зарба йўллаш учун ўз қуролларидан фойдаланишга рухсат бермайди

Брюссел томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларидан фақат Украина ҳудудида фойдаланиш мумкин.

Фото: Piroschka Van De Wouw/REUTERS

Белгия бош вазири Александр Де Кроо 31 май, жума куни Брюссел Киевга ўз қуроллари, хусусан, F-16 қирувчи самолётлари билан Россия ҳудудига ҳужум қилишига рухсат бермаслигини айтди. Бу ҳақда Belga агентлигига таяниб, «Европа ҳақиқати» хабар берди. 

Ўз навбатида, Де Кроо Белгия Украина билан хавфсизлик бўйича икки томонлама шартнома имзолаганини эслатиб ўтди, у бошқа нарсалар қатори Киевга 30 та F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни назарда тутади. «Аммо келишув жуда аниқ. Гап украиналиклар Украина ҳудудида фойдаланиши мумкин бўлган қирувчи самолётлар ҳақида кетмоқда. Бу биз тузган келишув ва мен унга риоя қилинишини хоҳлайман», деб таъкидлади Белгия бош вазири. 

Сиёсатчига кўра, биринчи навбатда АҚШ ва НАТОнинг бошқа давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишини таъминлаш зарур. «Ҳаво мудофаасига катта эҳтиёж бор. Бунда жанговар самолётлар ёрдам бериши мумкин, аммо бошқа нарсалар керак бўлади. Шунинг учун биз қандай қилиб тезроқ ва яхшироқ жиҳозлар билан таъминлаш ҳақида ўйлашимиз керак», - деди Де Кроо. 

Германия ва АҚШ ўз қуролларини Россиядаги нишонларга зарба йўллаш учун ишлатишга рухсат берди 

Аввалроқ Украинанинг баъзи ғарбий иттифоқчилари унга Россия Федерацияси ҳудудига ўз қуроллари билан зарба йўллашга рухсат бергани маълум бўлган эди. Шундай қилиб, 31 май куни Берлин расмий Киев халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида Россия ҳужумларидан ҳимояланиш мақсадида Россиядаги нишонларга немис қуроллари билан зарба бериши мумкинлигини эълон қилди. 

Ўз навбатида, Қўшма Штатлар чекланган тарзда рухсат берди, бу, масалан, ATACMS ракеталарига тааллуқли эмас. Бироқ Украина Россия ҳудудига мамлакат шимолий чегараси яқинида зарба бериш учун Америка қуролларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид