Ўзбекистон | 15:39 / 01.06.2024
2642
1 дақиқада ўқилади

Дориларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига ўзгартириш киритилди

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. 

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларга дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланди.

Рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида кўрсатиш талаби жорий этилди.

Импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунга юридик шахсларга IV рўйхат доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни тегишли лицензияларга асосан ишлаб чиқариш ва тайёрлаш ҳуқуқи берилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мавзуга оид