“Халқ пули, халқ мулки деган нарса йўқ” – Салоҳиддин Нуриев
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев блогер билан суҳбатда “халқ пули, халқ мулки деган нарса йўқлигини, пул давлат бюджетига ўтдими, давлат мулкига айланишини” таъкидлади. Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғининг тармоқларда тарқалган, ушбу суҳбат акс этган видеоси ўрганилаётганини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев ва блогер ўртасидаги суҳбат видеоси тарқалди. Адлия вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Видеода кўринишича, блогер бошқарма бошлиғига қарата:
“Агар давлат хизматчисини ижтимоий тармоқларда танқид қилиш тақиқланадиган бўлса, ўша давлат хизматчиси давлат бюджетидан ойлик олмаслиги керак. Чунки, бизлар тўлаган солиқдан улар ойлик оляпти”, дея фикр билдирган.
Салоҳиддин Нуриев эса унинг бу фикрларига қарши фикр билдирган ҳамда халқ пули деган нарса йўқлигини айтган.
“Солиқни ҳамма тўлайди, битта сиз эмас. Шу жумладан, ойлик олаётган одамнинг ўзи ҳам тўлаган солиқнинг маълум бир қисми айланиб келади. Халқнинг мулки, халқнинг пули деган нарса бу давлат бюджетига ўтдими, давлатнинг пулига айланади ўз-ўзидан. У қанақа йўл билан шаклланиши иккинчи масала. Чунки унда ҳамма иштирок этади”, дея таъкидлаган Нуриев.
Адлия вазирлиги расмий муносабат билдириб, ҳолат ўрганилаётганлигини маълум қилди.
«Ҳозирда, мазкур ҳолат вазирлик томонидан ўрганилмоқда, ўрганиш якунлари бўйича ҳолатга баҳо берилади.
Шу билан биргаликда, давлат органлари ўз фаолиятида халқ олдида ҳисобдор эканлиги Конституцияда белгилаб қўйилганлиги, Адлия вазирлиги фаолияти шу жумладан, жамоатчилик олдида қатъий ҳисобдорлик принципи асосида ташкил этилганлиги маълум қилинади.
Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
Барча фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари белгиланган тартибда, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин», дейилади вазирлик муносабатида.
Қайд этилишича, ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.
Маълумот учун, 43 ёшли Салоҳиддин Нуриев 2024 йилнинг феврал ойида Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Бунгача у Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Нуриев 2014 – 2018 йилларда Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, 2018 йил Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи лавозимларида ҳам фаолият кўрсатган.
Мавзуга оид
18:04 / 06.11.2024
Тахтақорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
18:06 / 17.10.2024
Қашқадарёда судя ёрдамчиси ўзини ишдан бўшатган суд раиси устидан шу судга даъво киритди
22:11 / 19.07.2024
2024 йилнинг дастлабки 6 ойида 10 мингдан ортиқ шахс озодликдан маҳрум этилди
13:07 / 09.07.2024