Ўзбекистон | 14:52 / 03.06.2024
2561
2 дақиқада ўқилади

CASCA+ транспорт йўлаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи консорциум тузилиши мумкин

Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон темирйўлларининг қўшма ташаббуси – CASCA+ иштирокчилари Тошкентда йиғилди. Хитойни Европа билан боғлайдиган йўлак фаолиятини мувофиқлаштириш учун консорциум тузиш, тез бузиладиган мева-сабзавотларни рефрижератор контейнерларда ташишни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.

Фото: “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизмати

28-29 май кунлари Тошкенда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия давлатларининг темирйўл администрациялари вакиллари ўртасида CASCA+ транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишларни ривожлантириш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темирйўллари” матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув давомида CASCA+ транспорт йўлагини ривожлантириш лойиҳалари муҳокама қилинди. “Ўзбекистон темирйўллари” компанияси CASCA+ транспорт йўлаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун консорсиум ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Бу ташаббусни барча томонлар қўллаб-қувватлаб, консорциум учун мутахассисларни тақдим этишга тайёр эканликларини билдирди.

Бундан ташқари CASCA+ йўлак бўйича тез бузилувчи (мева-сабзавотлар) юкларни рефрижератор контейнерларда ташишни йўлга қўйиш ва йўлакнинг сайт фаолиятини ривожлантирган ҳолда йўлак бўйлаб ҳаракатланувчи вагон ва контейнерлар жойлашувини (дислокациясини) онлайн тарзда кузатиш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди.

  • CASCA+ – Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат темирйўлларининг қўшма ташаббуси. Ҳозирда бу йўналиш учта минтақани қамраб олади – Марказий Осиё (Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон ва Грузия), Анадолу (Туркия).
  • Йўналиш номидаги “+” белгиси маршрут бўйлаб ташишдан манфаатдор янги потенциал иштирокчиларни қабул қилишга тайёрлигини билдиради. Йўналишннинг якуний мақсади – Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, хусусан, Хитойни Европа билан боғлашдир.

Мавзуга оид