Ўзбекистон | 23:39 / 03.06.2024
17207
2 дақиқада ўқилади

Ўқишни битиргач кимларнинг 3 йил ишлаб бериши маълум бўлди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов Kun.uz’га берган интерьвюсида грант-контракт тизими ўзгараётгани сабаб қайси тоифадаги талабалар дипломини олиш учун 3 йил ишлаб бериши керак эмаслиги, кимларда бу мажбурият сақланиб қолаётгани ҳақида маълумот берди.

Абдували Холиқовнинг янги тартиб бўйича маълумот беришича, энди талабаларга бериладиган грант ижтимоий рағбатлантирувчи ва таълим гранти турларига ажратилмоқда.

Ижтимоий рағбатлантирувчи таълим гранти қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади.

Улар бу грантни то ўқишни тугатгунча сақлаб қолади. Таълим гранти эса умумий квота доирасида талабаликка қабул қилинадиган ёшларга 1 йилга берилади, кейинги йилдан яна билимли талабаларнинг ўзлаштиришига қараб тақсимланади.

“Биринчи курсда грантга кирган талаба кейинги йил контрактда ўқиши ҳам мумкин. Улар 4 йил тўлиқ грантда ўқимаганликлари сабабли 3 йил ишлаб бериш мажбурияти ҳам бекор бўлади. Лекин мақсадли қабул асосида талаба бўлганлар, турли ташкилотларнинг буюртмаси асосида талаба бўладиган тоифадаги ёшларнинг кўрсатилган муддатда ишлаб бериш мажбурияти сақлаб қолинади”, деб маълумот берди Абдували Холиқов.

Шунингдек, интервюда қайд этилишича, 3 йил ишлаб бериш талаби бекор бўлиши 2024 йилдан талабаликка қабул қилинадиган ёшларга тегишли. Бу айни пайтда олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларга тегишли эмас. Уларнинг бўйнида 3 йил ишлаш талаби ҳали ҳам турибди.

Мавзуга оид