Жаҳон | 14:24 / 03.06.2024
3776
2 дақиқада ўқилади

Шолц: НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қиламиз

Олаф Шолц фикрича, Россия Федерациясидан таҳдид сақланиб қолади ва дипломатия фақат куч позициясидан бўлиши мумкин. Германия канцлери Москвани НАТО ўз ерларининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантирди.

Фото: Carsten Koall/dpa/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц Европа давлатларига Россиядан келаётган таҳдид давом этишини кутмоқда. У бу ҳақда 2 июн, якшанба куни Бад-Заровда (Бранденбург федерали ери) бўлиб ўтган Шарқий Германия иқтисодий форумида айтиб ўтиб, дипломатия фақат куч позициясидан муваффақият қозонишини таъкидлади. 

Шу сабабли, Шолцнинг сўзларига кўра, хавфсизлик сиёсатидаги ўзгаришлар Россияга: «Биз НАТО ҳудудининг ҳар квадрат сантиметрини ҳужумдан ҳимоя қилишга тайёрмиз» деб кўрсатиш учун зарур эди. 

«Россия таҳдиди давом этаётганлиги сабабли, биз ва бошқа иттифоқчилар ўтган йили Болтиқбўйи мамлакатларига қўшимча бўлинмалар юборишга ва келажакда у ерда бутун бир бригадани доимий равишда жойлаштиришга қарор қилдик», деди Германия ҳукумати раҳбари. Шолц таъкидлашича, бу Германия ва бундесвер учун биринчи шундай ҳолат. 

2022 йил февралида Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий ҳужуми унинг нима истаётганини яққол кўрсатди, дейди Олаф Шолц. Германия канцлерига кўра, унинг мақсадлари чегараларни куч билан кўчиришдир. 

Бир неча кун олдин Берлин Украинага Россиядаги ҳарбий нишонларга немис қуроллари билан ҳужум қилишга рухсат берди, гарчи Шолц яқинда бу қадамга қарши чиққан эди. 

Мавзуга оид