SpaceX Starship ракетасининг биринчи муваффақиятли учирилишини амалга оширди
Маск компаниясининг Starship ўта оғир ракетаси биринчи орбитал парвозини амалга оширди ва Ерга қайтди. NASA инсониятни Ойга қайтариш йўлидаги навбатдаги қадам тўғрисида эълон қилди.
Американинг SpaceX аэрокосмик компанияси учта муваффақиятсиз уринишлардан сўнг тарихдаги энг кучли ва энг оғир Starship ракетасининг муваффақиятли синов парвозини амалга оширди. 6 июн, пайшанба куни орбитада тахминан бир соат парвоз қилгандан сўнг, ракета Ер атмосферасига соатига тахминан 25 минг километр тезликда кириб келди ва Австралия шимоли-ғарбида Ҳинд океанига қўнди.
Ракета Техас жанубидаги Starbase космодромидан учирилди ва кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтгач, Super Heavy прототипи биринчи поғонаси Мексика кўрфазига муваффақиятли қўнди. Парвоз интернетда реал вақт режимида намойиш этилди. «Қўниш тасдиқланди! Starship ҳаяжонли тўртинчи синов парвози билан бутун SpaceX жамоасини табриклаймиз!» - деб ёзди Илон Маскнинг компанияси X ижтимоий тармоғида.
АҚШ Аэронавтика ва космик маконни тадқиқ этиш миллий бошқармаси (NASA) ҳам компанияни «муваффақиятли парвоз» билан табриклади. «Биз инсониятни Ойга қайтариш учун яна бир қадам ташладик», деди NASA раҳбари Билл Нелсон.
Starship ракетасининг аввалги учирилишлари
Келажакда бундай космик кемаларда одамларни Ой ва Марсга олиб бориш режалаштирилган. Дастлабки учта учириш пайтида Starship ракеталари портлашлар натижасида зарар кўрди. Starship ракетасининг аввалги, учинчи синов парвози март ойи ўрталарида амалга оширилган ва аппарат курсдан чиқиб кетиши билан якунланган.
АҚШ жанубидаги Starbase хусусий космодромидан 73 километр баландликда учирилган Starship поғоналари муваффақиятли ажралиб чиқди. Шундан сўнг Super Heavy ташувчиси Мексика кўрфазидаги сувга юмшоқ қўнишни амалга ошириши режалаштирилган эди, бироқ биринчи поғона муваффақиятли қўна олмади. Иккинчи поғона ўз йўналишини тахминан бир соат давом эттирди ва Ер паст орбитасига кирди. SpaceX маълумотларига кўра, ракета 200 кмдан ортиқ баландликка кўтарила олган.
2023 йил апрел ва ноябр ойларида Starship’ни учириш бўйича аввалги иккита уриниш муваффақиятсиз якунланди. Биринчи синов пайтида ракета парвоздан уч дақиқа ўтгач, поғоналар ажратилмаганидан кейин портлаб кетди. Иккинчи учириш вақтида поғоналар ажралиб чиқишга муваффақ бўлди, аммо қисқа вақт ўтгач портлади.
Starship - инсоният тарихидаги энг катта ракета
Starship - инсоният тарихидаги энг катта ва энг кучли ракета. SpaceX компанияси ўзи хабар берганидек, кема одамлар ва юкларни Ернинг паст орбитасига, Ой ва Марсга етказа олади. Тизимнинг умумий лойиҳавий юк кўтариш қуввати 150 тоннани ташкил этади. Қайта фойдаланиш мумкин бўлган Starship тизими 70 метрли Super Heavy биринчи поғонаси ва қўшимча двигателларга эга 50 метрлик Starship космик кемасидан иборат.
Мавзуга оид
22:03 / 25.10.2024
Crew Dragon-8 космик кемаси ХКСдан муваффақиятли қайтиб келди
22:13 / 24.10.2024
SpaceX компанияси Ўзбекистонга миллий космик дастурни ишлаб чиқишда ёрдам беради
21:00 / 15.10.2024
SpaceX компанияси Starlink учун яна 43 та сунъий йўлдошни орбитага учирди
19:30 / 13.10.2024