Жаҳон | 10:41 / 08.06.2024
5032
3 дақиқада ўқилади

Мактаб биносига зарба: АҚШ Исроилни шаффофликка чақирди

Қўшма Штатлар Ғазо секторидаги БМТ мактаби биносига уюштирилган зарбадан сўнг Исроил ҳукуматини «тўлиқ» шаффофликка чақирди.

Фото: AP

Қўшма Штатлар Исроил ҳукуматини «тўлиқ шаффофликка» чақирди, чунки Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо секторида фаластинлик қочқинлар бўлган БМТ мактаби биносига зарба берган. «Исроил ҳукумати ушбу зарба ҳақида қўшимча маълумот, жумладан, ҳалок бўлганларнинг исмларини ошкор этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Биз улардан бу маълумотни ошкор қилишда тўлиқ шаффоф бўлишини кутамиз», деди 7 июн, жума куни АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттю Миллер журналистларга.

6 июнга ўтар кечаси Исроил армияси томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда AFP Ғазо секторидаги Ал-Ақсо касалхонасига таяниб. 

ЦАҲАЛ: Мактаб биносида террорчилар яширинган 

Ҳужум ҳақида илк бор хабар берган Исроил армияси матбуот хизматига кўра, БМТнинг фаластин қочқинлар иши бўйича агентлиги томонидан бошқариладиган мактаб биносида 2023 йил 7 октябр ҳужумида иштирок этган ҲАМАС ҳаракати аъзолари учун лагер жойлашган.

Зарба натижасида «яқин вақт ичида ЦАҲАЛ аскарларига қарши терактлар уюштиришни режалаштирган бир неча террорчи йўқ қилинди», — дейилади баёнотда. 

Агентлик раҳбари: БМТ биноларига ҳужумлар янги нормага айлана олмайди 

БМТнинг фаластин қочқинлар иши бўйича агентлиги раҳбари Филип Лазарини мактаб биносига қилинган ҳужумдан кўп ўтмай, у ерда 6000 фаластинлик қочқин бўлганини айтди. ЦАҲАЛнинг қуролли гуруҳлар бинода яширинганлиги ҳақидаги даъволари «ҳайратланарли», аммо «биз бу даъволарни тасдиқлай олмаймиз», деб ёзди Лазарини.

Унинг сўзларига кўра, БМТ биноларига ҳужум қилиш ёки улардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш «халқаро гуманитар ҳуқуқни очиқдан очиқ менсимаслик»дир. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид