Жаҳон | 21:35 / 08.06.2024
10184
2 дақиқада ўқилади

НАТО Украина учун 100 миллиард долларлик жамғарма режасидан воз кечди – ОАВ

НАТО бош котиби ушбу масала бўйича алянснинг айрим аъзолари қаршилигига дуч келган.

Фото: Andrew Kravchenko/Bloomberg

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина учун 5 йилга мўлжалланган ҳарбий ёрдам кўрсатиш жамғармасини яратиш режасидан воз кечади. Бу ҳақда Bloomberg вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар берди. Жамғарма ҳажми 100 миллиард доллар бўлиши тахмин қилинган эди.

Столтенберг энди иттифоқчиларга Украинага ёрдам бериш учун йилига камида 40 миллиард евро (43 миллиард доллар) сарфлашни таклиф қилмоқчи. Bloomberg манбаларининг таъкидлашича, бу Россиянинг кенг миқёсли босқинидан кейинги ўртача йиллик бадалларга мос келади.

Тахминларга кўра, бу маблағнинг ярми АҚШ томонидан ажратилади. Bloomberg суҳбатдошларининг таъкидлашича, НАТО ҳар бир мамлакат учун миқдорни ЯИМ ҳажмига қараб белгилайди.

«Мен иттифоқчилардан келгуси йиллар учун мажбуриятларни зиммага олишни сўрайман. Биз ҳар йили ва зарур бўлган вақт давомида ҳеч бўлмаганда шу даражада қўллаб-қувватлашимиз керак», деган эди Столтенберг май ойи охирида Прагадаги НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг.

Столтенбергнинг янги режаси янги маблағ ажратишни назарда тутмайди, бироқ НАТО Киевга келгуси йилларда қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича кўпроқ ишонч бағишлашни кутмоқда, деб таъкидлади нашр.

Аввалроқ Bloomberg Столтенберг июл ойидаги НАТО саммитида 100 миллиард долларлик ёрдам жамғармасини яратишни таклиф қилишини ёзган эди. Бу ташаббус Доналд Трамп АҚШ президентлигига қайтган тақдирда, Украинага узлуксиз ёрдам кўрсатишнинг ишончли механизмини яратиш режасининг бир қисмига айланиши тахмин қилинган эди.

Мавзуга оид