Жаҳон | 12:20 / 14.06.2024
6449
4 дақиқада ўқилади

Politico Беларус Озарбойжонга қурол етказиб бергани ҳақида хабар қилди

2018 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Беларус Озарбойжонга илғор қурол-яроғлар етказиб берган, деб ёзади Politico махфий ҳужжатларга таяниб. Бу Ереван томонидан «хиёнат» сифатида баҳоланди, чунки Арманистон ҳам, Беларус ҳам – КХШТ аъзолари.

Фото: AP

«Беларус Арманистоннинг рақибига, Россия бошчилигидаги халқаро мудофаа пакти (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, КХШТ) доирасида иттифоқчилар ҳисобланганига қарамай, илғор қурол-яроғлар етказиб берган», деб ёзади 13 июн, пайшанба куни Politico интернет-нашри манбаларга таяниб.

Журналистларнинг фикрига кўра, Ереваннинг КХШТдан чиқиш ҳақидаги қарорига айнан шу ҳолат таъсир қилган. Бу қадам Россия президенти Владимир Путиннинг постсовет ҳудудидаги таъсирини сусайтиради, деб ҳисоблайди Politico.

Журналистлар ўндан ортиқ мактублар, дипломатик ноталар, ҳисоб-фактуралар ва экспорт паспортларини кўриб чиққанини даъво қилмоқда. Айнан мана шу ҳужжатлар 2018 йилдан 2022 йилгача Беларусдан Озарбойжонга қурол етказиб берилганини тасдиқлайди. Шу жумладан, Бокуга эскирган артиллерия ускуналарини модернизация қилиш, электрон уруш тизимлари ва дронлар учун янги жиҳозлар етказиб бериш бўйича хизматлар таклиф этилган.

«Бу етказиб беришлар Москванинг хабарисиз содир бўлган бўлиши мумкин ва агар Россия хоҳласа, уларни тўхтата олмасди, деб ўйлаш бемаънилик», - дея иқтибос келтиради нашр Демократияни ҳимоя қилиш жамғармаси (The Foundation for Defense of Democracies) тадқиқотчиси Ивана Страднер сўзларидан.

Қурол таъминоти бўйича махфий ҳужжатлар 

«Ҳужжатлар орасида - Беларус давлат қурол экспорти агентлигининг ўзининг ҳарбий-саноат фирмаларига артиллерия тизимларидаги нишонларни аниқлаш учун энг янги жиҳозлар буюртмаси тўғрисидаги хатлари, шунингдек, Озарбойжон қуролли кучлари учун «Гроза-С» мобил жанговар станцияларни сотиб олиш бўйича икки давлат ўртасидаги ёзишмалар ҳам бор», - дея аниқлик киритади нашр. 

Россиянинг иттифоқчиси Беларуснинг Озарбойжонни илғор ҳарбий техника билан таъминлаш, Бокуга Арманистон билан қатор ҳарбий можароларда устунлик бериш қарори Ереван томонидан «шафқатсиз хиёнат» сифатида баҳоланди, дея таъкидлайди Politico. 

Март ойида Арманистон КХШТга аъзолигини амалда тўхтатди, май бошида эса Ереван бу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатишини эълон қилди. 

Арманистон Лукашенконинг Тоғли Қорабоғ бўйича позициясидан норози

«Арманистон Республикасининг Беларусдаги элчиси (Размик Хумарян) Ереванга маслаҳатлашувлар учун чақирилди», деди Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ани Бадалян 13 июн куни Telegram-каналда. Арман оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, бир кун аввал мамлакат бош вазири Никол Пашинян Александр Лукашенко раҳбар бўлган пайтда ўзи ҳам, Арманистон Республикасининг бошқа бирорта расмий вакили ҳам Беларусга бормаслигини айтган.

Пашинян ўз қарорига сабаб сифатида Лукашенконинг Ереван ва Боку ўртасидаги ҳарбий можаро ҳақидаги сўнгги баёнотини келтирди, унинг натижасида Озарбойжон бутун Тоғли Қорабоғ устидан назоратни ўз қўлига олди. Май ойи ўрталарида Бокуга қилган ташрифи чоғида Лукашенко минтақа учун урушни «озод қилиш» деб атаган ва унинг натижасини у бошланишидан олдин Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан муҳокама қилгани ҳақида гапирган эди. «Биз бирга кечки овқатда фалсафий тарзда суҳбатлашдик, бу ғалабани сақлаб қолиш жуда муҳим, деган хулосага келдик», деган ўшанда у.

Арманистон бош вазири, шунингдек, айнан Лукашенконинг Тоғли Қорабоғдаги уруш бўйича позицияси Ереваннинг КХШТдан чиқиш эҳтимоли бўйича қарорига таъсир қилганига аниқлик киритди.

Мавзуга оид