Ўзбекистон | 10:50 / 14.06.2024
5180
2 дақиқада ўқилади

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши ёзда бошланиши мумкин

Бунгача линия ётқизиш ишларини бошлаш санаси сифатида октябр ойи қайта-қайта тилга олинганди. 

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши яқин ойларда бошланиши мумкин, дея хабар бермоқда Kloop Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаровга таяниб

Жўқорғи Кенешнинг 13 июн куни бўлиб ўтган йиғилишида республика ҳукумати раҳбари август ойида уч давлат раҳбарларининг учрашуви режалаштирилганини маълум қилди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ўшанда ишларнинг расмий бошланиши маросими бўлиб ўтади. 

Жапаровнинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари линия лойиҳаси бўйича келишув имзолаган. Ҳужжат ҳамкорлик, жумладан, молиялаштиришнинг асосий тамойиллари ва механизмларини белгилайди. 

«Ниҳоят, мамлакатимизни йирик савдо-ишлаб чиқариш марказига айлантирувчи лойиҳа амалга оширила бошланди», – деди Жапаров. 

6 июн куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги раҳбари Илҳом Маҳкамов яқин келажакда давлатлар молиялаштириш шартларини белгилаб берувчи темирйўл бўйича концессия шартномасини тузишини маълум қилди. Унга кўра, тамал тошини октябр ойида қўйиш режалаштирилган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам май ойида худди шундай муддатни белгилаган эди. Унинг таъкидлашича, бўлажак линия республика учун «дунёга дераза»га айланади.

Мавзуга оид