Жаҳон | 10:13 / 20.06.2024
2328
5 дақиқада ўқилади

БМТ: Исроил Ғазода тинч аҳолини етарлича ҳимоя қилмаяпти

БМТ ҳисоботида айтилишича, Ғазо секторининг пала-партиш ва номутаносиб тарзда бомбардимон қилиниши уруш жиноятига тенг бўлиши мумкин. Исроил БМТни Исроилга қарши позицияда ва ҲАМАСни ҳимоя қилишда айблади.

Фото: Mahmoud Issa/Middle East Images/picture alliance

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Исроил Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати жангчиларига қарши урушда бомбардимон қилиш вақтида тинч аҳолини етарлича ҳимоя қилмаяпти. «Исроилнинг бомбардимон қилишлари тинч аҳоли орасида қурбонларни имкон қадар камайтирадиган уруш воситалари ва усулларини танлаш талабини очиқдан-очиқ бузмоқда», деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк чоршанба куни Женевада «Ғазо можароси пайтида пала-партиш ва номутаносиб зарбалар» ҳисоботи тақдимотида.

Ҳужжатда, унинг муаллифларига кўра, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича талабларни эътиборсиз қолдираётганини тасдиқловчи баёнотлар келтирилади. Хусусан, ўтган йилнинг октябр ойида Исроил ҳарбий вакилининг «Гаарец» газетасига берган интервюсидаги сўзлари келтирилган. Исроил, албатта, зарбалар нишони ва вайронагарчилик кўламини мувозанатлаштиради, аммо «ҳозирда биз максимал зарар етказишга қаратилганмиз», деди у. 

Бошқа бир парчада Исроил армияси вакилининг ҲАМАС ва Ғазо сектори аҳолисига шундай дегани келтирилган: «Исроил Ғазо секторини тўлиқ қамал қилди, сув йўқ, фақат зарар. Сиз дўзахни хоҳласангиз - уни оласиз».

Ғазо секторида тинч аҳолининг оммавий ўлими 

БМТ 9 октябрдан 2 декабрга қадар Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган олтита зарбасини текширди, улар давомида бетонни тешувчи ҳамда бир вақтнинг ўзида бинонинг бир неча қаватини вайрон қилиши мумкин бўлган бомбалардан фойдаланилган. Натижада турар жой бинолари, мактаб, қочқинлар лагери ва бозор вайрон бўлган, камида 218 киши ҳалок бўлган. 2 декабр кунги зарба оқибатида диаметри 130 метр бўлган ҳудуд вайрон бўлган, 15 та уй бутунлай йўқ қилинган, яна 14 таси зарар кўрган. 

БМТ ҳисоботи муаллифлари жанговар ҳаракатлар пайтида мутаносиблик тамойилига риоя қилиш зарурлигини таъкидлади. «Бинолардан бирида 7 ва 8 октябр кунлари Исроилда содир бўлган қирғинларда бир ёки бир нечта шахс бўлган бўлса ҳам, бу бутун бир мавзени Исроил томонидан зарба бериш учун қонуний нишонга айлантирмайди. Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда кенг миқёсда қуролдан фойдаланиш, вайронагарчиликнинг кенг майдонига эга бўлган портловчи ҳаракатлар унинг тинч аҳоли ва жангчилар ўртасида самарали фарқлашга эътибор бермаганлигини кўрсатади», деди БМТ экспертлари ва бу уруш жинояти бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботида, шунингдек, Фаластин қуролли гуруҳлари Исроил ҳудудига тинч аҳолигача етиб бориши мумкин бўлган ракеталар отаётгани қораланади. Ҳужжатда таъкидланишича, ҳарбий техника ва аскарлар аҳоли зич жойлашган ҳудудларга жойлаштирилмаслиги керак. 

Исроил БМТ Инсон ҳуқуқлари бюросини танқид қилди 

Исроил яна бир бор БМТ Инсон ҳуқуқлари идорасини Исроилга қарши позицияни эгаллаганликда айблади. «Шубҳа йўқки, бу ҳисоботнинг ягона мақсади - Исроилни қоралаш ва ҲАМАСни ҳимоя қилиш», деди Исроилнинг Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўлимида вакили. «Исроил тинч аҳолига қарши эмас, балки ҲАМАС ва бошқа қуролли гуруҳларга қарши курашмоқда», - дея таъкидлади у. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 37,4 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид