Жаҳон | 10:07 / 20.06.2024
5996
3 дақиқада ўқилади

Германия вазирлари афғонлар депортациясини қайта бошлашни талаб қилмоқда

Германиянинг федерал ерлари ички ишлар вазирлари Афғонистонда толиблар ҳокимиятни эгаллаб олгани сабабли 2021 йилда тўхтатилган депортация амалиётига қайтиш ниятида. Уларнинг режалари гуманитар ташкилотлар ва «сўллар» томонидан танқид қилинди.

Фото: Marc Tessensohn/Bundeswehr/dpa/picture alliance

Германиянинг федерал ерлари ички ишлар вазирлари Германияда оғир жиноят содир этган ёки хавф туғдираётган Афғонистон ва Сурия фуқароларини ватанига депортация қилишни талаб этмоқда. 19 июн, чоршанба куни Бранденбург ички ишлар вазири Михаэл Штюбген: «Биз қонун устуворлигимизни ҳар томонлама экстремистлар таҳдидидан ҳимоя қилишимиз керак», деди. Штюбген Потсдамда вазирлар конференциясига раислик қиляпти, унда иштирокчилар бошпана ва миграция сиёсати масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, Ҳамбург вакили Анди Гроте Афғонистонга депортацияни қўллаб-қувватлади. У қўшни давлатлар билан тузилган келишув амалдаги депортация йўналишини яратиш имконини беришига ишонч билдирди. Ҳамбург вазирлар конференциясида тегишли депортация таклифини тақдим этди. 

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер 20 июн куни федерал ерлардаги ҳамкасбларига Афғонистонга депортацияни ташкил этиш бўйича федерал даражада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот бермоқчи. «Биз Афғонистонга депортация қилиш йўлларини қайта очиш бўйича турли давлатлар билан махфий музокаралар олиб бормоқдамиз», деди Фезер Neue Osnabrücker Zeitung газетасига. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлардан мақсад Германияда қамоқ жазосини ўтаб, зўравонлик билан жиноят содир этган хорижликларни, шунингдек, жамоат тартибига таҳдид солувчи шахсларни мунтазам равишда депортация қилишдир. 

Афғонистонга одамларни чиқариб юбориш ташаббуси гуманитар ташкилотлар томонидан танқид қилинди. 20 июн куни улар Потсдамда норозилик намойиши ўтказишни режалаштирмоқда. Сўл партия ҳам Афғонистонга депортация бўйича режаларни танқид қилди. 

Германиядан муҳожирларни чиқариб юбориш масаласи бўйича муҳокама

Бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларни Германиядан чиқариб юбориш зарурлиги ҳақидаги мунозаралар май ойи охирида Манхаймда Pax Europa гуруҳининг митинги иштирокчиларига афғонистонлик шахс ҳужум қилганидан сўнг авж олди. Ҳодиса ёш полициячи ўлими билан якун топди.

Берлин 2021 йилда толиблар ҳокимиятни қўлга киритгани сабабли афғонларни ўз ватанига чиқариб юборишни тўхтатган. 

Мавзуга оид