Жаҳон | 22:42 / 21.06.2024
13876
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг 11 та ҳудудида меҳнат мигрантлари улушини камайтириш лойиҳаси ишлаб чиқилди

2025 йилга қадар 11 та ҳудудда хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини камайтириш режалаштирилмоқда. 

Фото: РИА Новости

2025 йилда Россиянинг 10 дан ортиқ минтақаларида чет эллик ишчиларнинг рухсат этилган улуши қисқартирилади, деб хабар берди Россия Меҳнат вазирлигига таяниб Interfax. 

«Россия Меҳнат вазирлиги ҳудудлардан келган таклифларни инобатга олган ҳолда, 2025 йилга қадар 11 та ҳудудда хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини қисқартириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Тегишли ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди», дейилади хабарда. 

Қайд қилинишича, ушбу ҳудудлар: Оренбург, Челябинск, Калуга, Магадан, Рязан, Самара ва Амур вилоятлари, Удмуртия ва Доғистон, Краснодар ва Красноярск ўлкалари. 

«Масалан, Доғистон Республикаси талабига кўра, қурилишда чет эл ишчиларидан фойдаланишга 30 фоизгача чеклов жорий этилмоқда, бошқа ҳудудларда эса бундай чеклов 80 фоизни ташкил этади», дейилади хабарда. 

Краснодар ўлкасида мигрантлар улуши қишлоқ ва ўрмон хўжалигида, ишлаб чиқаришда 50 фоизгача, ташиш ва сақлаш соҳаларида, меҳмонхона ва ресторан бизнесида 15 фоизгача камайтирилади, қуруқликдаги йўловчи ташиш ва автомобил юк ташиш соҳаларида бутунлай чекланади. 

Красноярск ўлкасида сабзавот етиштириш учун меҳнат мигрантларини ёллаш ҳам назарда тутилмаган. Худди шундай чекловлар Калуга вилоятида болалар овқатлари ва парҳез маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасига таъсир қилади. Оренбургда ичимлик ва тамаки маҳсулотлари чакана савдоси ва йўловчи такси фаолиятида мигрантлар фаолияти чекланади. 

«Умуман олганда, минтақавий хусусиятларни ҳисобга олмаганда, жорий йил учун белгиланган хорижлик ишчиларнинг рухсат этилган улуши ўзгаришсиз қолмоқда, хусусан, 2025 йил учун дорихоналар, кўчма савдо объектлари, бозорлар ва дўконлардан ташқаридаги савдо нуқталарида мигрантларини ёллаш тақиқланади», дейилади хабарда. 

Таъкидланишича, чекловлар биринчи навбатда Россия фуқароларини ишга жойлаштиришдаги устуворлик учун жорий қилинмоқда.

Мавзуга оид