Ўзбекистон | 11:37 / 22.06.2024
9095
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси Самарқанд вилояти бўлими суд бошқарувчиси ушланди

У Самарқанд туманидаги корхона фаолиятини текшириш давомида қоидабузарликни аниқлаган ва корхонани банкрот деб эълон қилиш масаласини ҳал этиб бериш эвазига 1200 доллар талаб қилган. ДХХ, прокуратура департаменти ва ИИО ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда суд бошқарувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди. 

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Унда, Бухоро шаҳрида жойлашган Геодезия ва топо хариталар тузиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари маҳаллий қурилиш фирмасига қарашли 701 м2 бўлган ер майдонида кўп қаватли уй қуриш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ваколатли танишлари орқали тайёрлатиб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 12500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан архитектура-режалаштириш топшириғини тайёрлаб бериш эвазига 5000 АҚШ доллари олган вақтида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи мансабдор таниши ҳам ушланди.

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Самарқанд вилояти бўлими суд бошқарувчиси Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Самарқанд туманидаги хўжалик моллари савдоси билан шуғулланувчи оилавий корхонани тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланган.
 
У корхона фаолиятини текшириш давомида, амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 1 млрд 916 млн сўм пул маблағи бошқа шахсларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб юборилганлиги ҳолатини аниқлайди ва ушбу пул маблағи қайтарилмасдан корхонани банкрот деб эълон қилиш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, суд бошқарувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди. 

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Бухоро вилояти бўлими суд бошқарувчиси Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан, Шофиркон туманидаги бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятни тугатишга масъул этиб тайинланган.

Лекин, у мансаб мавқейини суиистеъмол қилган ҳолда МЧЖ раҳбарини ишончига кириб, алдов йўли билан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан қайта текширув ўтказилмаслиги ҳамда давлат реестридан чиқаришда суд ва солиқ идораларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 200 АҚШ доллари олади. 

Суд бошқарувчиси қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ушланди.

2023 йилнинг сентябр ойида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчи томонидан етказилган зарар қопланганлиги боис, жорий йилнинг январ ойида ЖИБ Зафаробод туман судининг ҳукми билан, унга нисбатан 18 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жиззах шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси раҳбари эса ўзининг ҳимоясида бўлган мазкур судланувчининг қариндошларидан муқаддам шартнома асосида 5 млн сўм, шунингдек, шартномасиз 4900 АҚШ доллари олган бўлса-да, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида гўёки ҳуқуқ-тартибот идораларидаги танишларига пул берганлигини айтиб, яна 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди. 

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид