Иқтисодиёт | 16:54 / 24.06.2024
7591
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат Микрокредитбанкка 2 трлн сўмдан кўп маблағ ажратди

Микрокредитбанк устав капиталини ошириш учун жойлаштирган акцияларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси донасини 1068 сўмдан сотиб олди. Бу – банкнинг биржадаги акциялари баҳосидан қарийб 12 фоизга қиммат. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу ҳолатни бюджет танқислиги шароитида “самарасиз каналлар орқали пул сочиш” деб атади.

Микрокредитбанк устав капиталини ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан жами 2 трлн 23 млрд сўм йўналтирилади. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган банк умумий йиғилиши қарорида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, 1 893 791 781 дона оддий ҳужжатсиз шаклдаги қўшимча акцияларни жойлаштириш кўзда тутилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, Микрокредитбанк устав капиталини ошириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан 790 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 1 трлн 233 млрд сўм йўналтирилади. Акциялар ёпиқ обуна орқали, битта акция учун 1068 сўм тўлов ҳисобида жойлаштирилади.

“Энди эътибор қаратинг, июн ойи давомида Микрокредитбанк акциялари биржада 941 сўмдан сотилган. Ўзим жума куни синамоққа акция олиб кўрдим. 960 сўмдан. Ўзи бу нархлар ҳам акциялар ликвидлиги ўта пастлигидан ва спекулятив омил туфайли шаклланган (эркин бозор шароитида реал нархи номиналининг ярмига бормайди)”, дея ёзди Бакиров.

Иқтисодчига кўра, ҳукумат банк акцияларини биржа ўртача нархида сотиб олган тақдирда ҳам, камида 250 млрд сўм тежаши ва тежалган маблағ ҳисобидан энг замонавий 10 та мактаб қуриши мумкин эди.

Отабек Бакиров, инфляция тезлашганига қарамай, охирги 4 йилда биринчи марта бюджет ходимлари ойлиги, пенсия ва нафақалар жорий йилнинг биринчи ярмида оширилмагани, бу давлат бюджетидаги оғир вазият билан боғлиқлигини таъкидлаб, шундай шароитда дивиденд тўламайдиган, капитал рентабеллиги 0,5 фоиз бўлган банкка маблағ киритилаётганини танқид қилди.

Унинг фикрича, “ҳукумат бир қўли билан тежамкорлик қила туриб, шу пайтнинг ўзида иккинчи қўли билан самарасиз каналлар орқали пул сочмоқда”.

Аввалроқ Микрокредитбанк Тошкент марказидаги Алоқабанк ва Рақамлаштириш вазирлиги биноларини 387 млрд сўмга сотиб олганди.

Бир неча маротаба ортга сурилган банкларни хусусийлаштириш дастури

Марказий банк департаменти директори Санжар Носиров 2021 йилда “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида 6 та банк хусусийлаштиришга тайёрланиши, 1та банкни стратегик инвесторларга сотиш бўйича чоралар кўрилишини маълум қилганди.

2022 йилнинг март ойида “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори имзоланганди. Унда қуйидагилар назарда тутилганди:

  • 2022 йил 1 октябрга қадар — Қишлоққурилишбанк (ҳозирги Бизнесни ривожлантириш банки)нинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPО);
  • 2022 йил якунига қадар — Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда Саноатқурилишбанк ва Асакабанкнинг давлат улушларини савдога чиқариш;
  • 2023 йил 1 июлга қадар — Халқ банки, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Агробанк, Миллийбанкларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPО).

2022 йил ноябр ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон иқтисодий форумидаги чиқишида “5 йилдан кейин мамлакатда давлатга қарашли фақат битта банк бўлиши”ни айтганди.

2023 йилнинг 31 июл куни бир қанча йирик банклар хусусийлаштириш муддатларини узайтириш тўғрисида фармон имзоланди. Ҳужжат билан:

  • 2022 йил 1 октябрга қадар режалаштирилган Қишлоқ қурилиш банк акциялари IPO'си 2024 йил 1 мартга кўчирилди;
  • Асакабанкни хусусийлаштириш 2025 йил охирига режалаштирилди (бу муддат 2023 йил охиригача этиб белгиланган эди);
  • 2025 йил 1 январга қадар (2023 йил 1 июлгача эди) Халқ банки, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Агробанк ва Миллийбанк акциялари фонд биржасида IPO ўтказиши режалаштирилган.

Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуродов хусусийлаштириш жараёнининг кечикишига Ўзбекистон банкларининг тайёргарлиги эмас, балки халқаро молиявий танглик таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб ўтганди.

Бу нафақат бизнинг хоҳиш ва эҳтиёжларимизга, балки хорижий инвесторларнинг ишончига ҳам боғлиқ. Очиқ айтаман, 2022 йилдаги геосиёсий инқироз постсовет мамлакатлари бозорларига хорижий инвесторларнинг кириб келишини чеклаб қўйди”, деганди МБ раиси 2023 йилнинг июл ойида ўзказилган матбуот анжуманида.

Маълумот учун, ўтган давр мобайнида фақатгина 2 та давлат банки: Ипотекабанк (Венгриянинг OTP банки сотиб олди) ва Ўзагроэкспортбанк (Олимжон Шодиевга тегишли Support Level МЧЖсотиб олди) хусусийлаштирилди.

Шу тариқа, ҳукуматнинг 2025 йилда банк секторидаги давлат улушини 40 фоизгача камайтириш режалари амалга ошмаяпти.

Аввалроқ, S&P халқаро кредит рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимида умумий активларнинг 67 фоизи давлат банкларига тегишли экани, ҳукуматнинг имтиёзли кредитлаш дастурлари эса самарадорликка таъсир қилаётганини қайд этиб ўтганди.

Мавзуга оид