Жаҳон | 14:04 / 24.06.2024
4904
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Венгриянинг Украина бўйича ветосини четлаб ўтиш йўлини ишлаб чиқди

Брюссел Будапештнинг Россия Федерацияси музлатилган активларидан олинган фойдадан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун фойдаланиш бўйича ветосини четлаб ўтиш йўлини топди, деди Жозеп Боррел Financial Times нашрига.

Жозеп Боррел Фото: Getty images

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган маблағлари ҳисобидан Украина учун қурол сотиб олиш бўйича Венгриянинг ветосини четлаб ўтиш имконини берувчи қонуний вариантни ишлаб чиқди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 24 июн, душанба куни чоп этилган Financial Times газетасига берган интервюсида маълум қилди

Россия маблағларидан олинган фойдани ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак 

Вақтинчалик ечим «ҳар қандай қонуний ечим каби мураккаб, аммо у ишлайди», деди Боррел. Унинг сўзларига кўра, бундай қадам Венгрия Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган фойдани сақлаб қолиш бўйича дастлабки келишувдан бош тортгани ва шу сабабли «бу пулдан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этмаслиги» сабаб зарур бўлган. 

Бу қарор «Катта еттилик» давлатларига декабр ойигача Украинага 50 миллиард доллар миқдорида кредит ажратишга имкон бериши мумкин, ушбу қарз келажакдаги даромадлардан тўланиши керак, деб ёзади Financial Times июн ойи бошида Италияда бўлиб ўтган G7 саммитида қабул қилинган қарорга таяниб. 

«Ҳуқуқий бўшлиқ» ЕИ кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади 

Ҳуқуқий ечим Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари томонидан 24 июн куни Люксембургда бўлиб ўтадиган йиғилишда муҳокама қилинади. 

2024 йилнинг иккинчи ярмида Европа Иттифоқига раислик қиладиган Венгрия ЕИнинг Украинага ҳарбий ёрдам беришига қарши. Бундан ташқари, Будапешт Украинага таркибига ҳар бири 500 миллион евродан иборат Европа тинчлик жамғармаси (ЕТЖ) учта транши кирувчи 6,5 миллиард евро, шунингдек, яқинда ЕТЖ доирасида ташкил этилган Украинага янги ёрдам фондидан 5 миллиард еврони ўз ичига олган ҳарбий ёрдам ажратишга тўсқинлик қилмоқда. Европа Иттифоқининг Украина учун қурол сотиб олиш мақсадида санкциялар доирасида музлатилган Россия Федерацияси Марказий банки активларидан олинган фойдани ишлатиш масаласи ҳали сўроқ остида турибди.

Мавзуга оид