Жаҳон | 09:23 / 25.06.2024
1821
2 дақиқада ўқилади

Москва яқинидаги офис биносида ёнғин: ҳалок бўлганлар сони ортиб бормоқда

Собиқ «Платан» илмий-тадқиқот институти биносида содир бўлган ёнғин камида саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электр тармоғи авариявий режимда ишлаши сабаб бўлган. Ёнғинни ўчиришда ўнлаб ходимлар ва авиация иштирок этди.

Фото: Sergei Savostyanov/TASS

Москва яқинидаги Фрязино шаҳрида офис биносида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони саккиз кишига етди. Бу ҳақда 24 июн, душанба куни Россия ОАВ фавқулодда хизматларга таяниб хабар берди. Яна бир жабрланувчи касалхонада оғир аҳволда ва ўпкага ҳаво етказиб бериш аппаратига уланган, деди Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв. Аввалроқ расмийлар қочишга уриниб, деразадан сакраган икки киши ҳалок бўлганини маълум қилган эди. 

Илгари «Платан» илмий-тадқиқот институти жойлашган саккиз қаватли бинодаги ёнғин бир неча соат аввал содир бўлган. Ёнғин бешинчи-саккизинчи қаватларни қамраб олган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, тўққиз киши бино ичида қолиб кетган. Оператив хизматларнинг дастлабки маълумотларига кўра, ёнғинга электр тармоғининг авариявий режимда ишлаши сабаб бўлган. 

Ёнғинда газ баллонлари ҳам портлаган 

Кейинроқ ёнаётган бинода кислород баллонлари портлаган. Бу шифтларнинг қулашига олиб келди. Ёнғин тарқалишига лифт шахтаси ва ҳаво ўтказувчи тизимларнинг жойлашуви ёрдам берган, деб тушунтирди минтақа раҳбари. 

Ёнғинни ўчиришда фавқулодда вазиятлар хизматининг ўнлаб ходимлари ва ўнлаб техника воситалари, жумладан, иккита вертолёт иштирок этди. Тошкент вақти билан соат 01:00 да ёнғин деярли ўчирилган. Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти бўйича бошқармаси эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлган ҳаракатлар моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. 

Мавзуга оид