Байден: Ёш эмасман, лекин президентлик вазифасини бажара оламан
Доналд Трамп билан бўлган дебатдаги омадсиз иштирокига қарамай, Жо Байден президентлик пойгасидан чиқиш ниятида эмас.
АҚШ президенти Жо Байден ноябр ойидаги сайловлардаги тахминий рақиби Доналд Трамп билан баҳсда яхши натижа кўрсатмаганини тан олди, аммо президентлик пойгасидан чиқиш нияти йўқлигини очиқ айтди. «Очиғини айтаман: мен ёш эмаслигимни биламан, аввалгидек ғайрат билан юрмаяпман, аввалгидек аниқ-равон гапирмаяпман, лекин мен қандай қилиб ҳақиқатни айтиш кераклигини биламан», деди Байден 28 июн, жума куни Шимолий Каролинадаги сайловолди митингида тарафдорлари билан гаплашар экан.
81 ёшли демократнинг айтишича, у бу ишни уддалай олишига «агар бутун қалби билан ишонмаганида» навбатдаги муддатга номзодини қўймаган бўларди. «Ўртага тикилган нарса жуда катта», деди Байден.
Байденнинг Трамп билан дебатдаги муваффақиятсизлиги
Байденнинг митингдаги нутқи Трамп билан CNN телеканалида уюштирилган дебатнинг эртасига бўлиб ўтди, уни кўплаб шарҳловчилар АҚШнинг амалдаги президенти учун муваффақиятсиз деб ҳисоблашди. «Бу ерда ортиқча гапга ўрин йўқ. Бу дебат Жо Байден учун фалокат бўлди», деди DW’нинг Вашингтондаги офиси раҳбари Инес Пол. Унинг фикрича, Байден теледуэлда ҳали ҳам президентлик вазифаларини бажаришга қодирлигини исботлай олмади.
2011 йилгача президент Барак Обаманинг катта маслаҳатчиси бўлган Дэвид Акселрод CNN эфирида теледебатдан сўнг Байден ғайратга тўла сиёсатчи сифатида намоён бўла олмаганини ва баъзи нуқталарда у ҳатто бироз адашиб қолгандай туюлганини айтди. Шу билан бирга, 78 ёшли Трамп ҳозирги давлат раҳбаридан анча ёшроқ кўринди, дея таъкидлади Виржиния университети сиёсат марказининг сайлов бўйича таҳлилчиси Майлз Коулман DW нашрига берган изоҳида.
Демократик номзодни алмаштириш ҳақида гап-сўзлар
Теледебат тугагандан сўнг, демократлар август ойида бўлиб ўтадиган, Байден расман номзод бўлиши кутилаётган Миллий қурултой олдидан ёки унинг давомида президентликка бошқа номзод кўрсатиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.
Омма олдида етакчи демократлар Байденни қўллаб-қувватлаб, унинг ғалабаси учун курашишларини айтишмоқда. Унинг штаби расмий вакиллари ҳам президент курашдан чекиниш ниятида эмаслигини билдирди.
Мавзуга оид
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024