Ўзбекистон | 14:18 / 30.06.2024
9811
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Ўзбекистонга келди

Антониу Гутерришни аэропортда бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўриш режалаштирилган.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

30 июн куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди, дея хабар бермоқда бош вазир матбуот хизмати.

Антониу Гутерришни Тошкент халқаро аэропортида бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди. Қисқа суҳбатдан сўнг у ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамроҳлигида ўзи учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, олий мартабали меҳмоннинг ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

Кун тартибидан Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган.

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.

Ташриф давомида БМТ бош котиби қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўради, икки томонлама учрашув ва тадбирлар ўтказади.

Сўнгра Антониу Гутерриш Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга бориши режа қилинган. Гутерриш минтақага сўнги бор 2017 йилда ташриф буюрган эди. Жорий саёҳат 7 июлга қадар давом этади.

Мавзуга оид