Ўзбекистон | 17:09 / 06.07.2024
9656
5 дақиқада ўқилади

«E-aktiv'дан воз кечдик» — Шерзод Қудбиев

Солиқ қўмитаси E-aktiv'ни жорий этиш қийинлиги сабабли бу тизимдан воз кечди, дея маълум қилди қўмита раиси Шерзод Қудбиев. Тадбиркорларга товар моддий бойликларни очиқлаш талабини қўядиган E-aktiv бизнес вакилларининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди.

Солиқ қўмитаси E-aktiv (E-ombor) тизимини жорий этишдан воз кечди. Бу ҳақда 4 июл куни фармацевтика ва тиббиёт соҳалари вакиллари билан очиқ мулоқотда қўмита раиси Шерзод Кудбиев маълум қилди.

«Биз E-aktiv'дан воз кечдик, E-aktiv бўлмайди. Амалга ошириш қийин бўлиб чиқди, шунинг учун воз кечишга қарор қилдик», – деди у.

Тадбиркорлар бу янгиликни қарсаклар билан қабул қилди.

E-aktiv ахборот тизими тадбиркорларнинг товар-моддий активлари, хусусан омборлардаги маҳсулотлар кирим-чиқими ва қолдиғини солиқ органларига очиқлашни назарда тутади.

2021 йилдаги ҳукумат қарорига кўра, тизим 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ бу тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларга кўра, барча товар-моддий бойликларни тизимга киритиш қийин иш ва бу бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни вужудга келтиради.

Шерзод Қудбиев 2021 йилдаги чиқишларидан бирида E-aktiv атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдириб, «бу янгиликдан норозиликлар ортида интизомли бўлмаган солиқ тўловчилар турибди» деб ҳисоблашини айтганди.

Аммо эътирозлардан кейин тизимни мажбурий қўллаш 2023 йил 1 мартгача кечиктирилди. 2023 йилнинг март ойида эса Солиқ қўмитаси муддат 2024 йилгача узайтирилганини маълум қилди.

4 июл кунги очиқ мулоқотда, шунингдек, Шерзод Қудбиев дори воситалари учун рақамли маркировкалаш ва МХИК (маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион коди) жорий этилгани туфайли Солиқ қўмитаси маҳалла миқёсида харид қилинадиган дори воситаларининг турлари ва миқдори тўғрисидаги маълумотларни олиши мумкин бўлишини маълум қилди.

«Бу маълумотлар нафақат фискал сиёсат нуқтаи назаридан, балки Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам зарур бўлиб, улар маҳаллалар шароитида касалликлар, ишлаб чиқарувчилар ва дистрибюторлар ҳақида билиб олишлари мумкин бўлади.

Солиқ қўмитаси фармацевтика бозори таҳлилини тайёрламоқда ва тез орада жамоатчиликка ушбу маълумотларга кириш имконияти очилади. Энди йил бошидан буён сотилган энг яхши 10 та дори, энг кўп тўқнаш келинадиган 10 та касаллик, энг яхши 10 та ишлаб чиқарувчи, квитанциялар сони, ўртача квитансия, сотилган дори воситаларининг умумий миқдори ва бошқаларни кўриш мумкин», – деди у.

Шунингдек, маҳаллий ва импорт дори воситалари, жумладан, уларнинг миқдори ва суммаси бўйича ҳудудлар кесимидаги маълумотларни тайёрлаш режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар 1 апрелдан дорилар учун 12 фоизли ҚҚС қайтарилгани улар учун харажатларни оширганини таъкидлади. Тадбиркорлар дори воситалари савдоси ижтимоий соҳа бўлиши кераклиги ва халқ учун дори-дармонлар қиммат бўлмаслиги лозимлигини айтди.

Бунга жавобан Шерзод Қудбиев дорилар учун 12 фоизли ҚҚС қайтарилганидан кейин Ўзбекистонда фармацевтика бозори айланмаси кескин пасайганини маълум қилди.

«Ўзимиздан нима учун бу содир бўлаётганини сўрашимиз керак. Тиббиёт муассасаларига боришни, [кўрсатилаётган] тиббий хизматлар ҳажмини 30−40 фоизга, айрим ҳолларда эса 80 фоизга камайтирдикми? Бу нимани билдиради? Бунга қандай муносабатда бўлишимиз керак?» — деди у.

ДСҚ раиси 1 апрелдан бошлаб бир қатор дори воситаларига ҚҚС бўйича имтиёзлар (12 фоиз) бекор қилинар экан, ҳукумат ушбу чоранинг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига таъсирини муҳокама қилган.

«Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам илгари ҚҚС тўловини «Солиқ» иловаси орқали кешбэк шаклида гўшт, тухум ва сариёғ харид қилишда олган бўлса, жорий йил январ ойида ун, шакар, дори-дармон ва тиббий хизматлар ҳам шундай товарлар қаторига қўшилган.

Бугунги кунга қадар Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 49 минг 455 нафар фуқарога 7,7 миллиард сўмлик дори воситалари учун кешбэк тўлаб берилди», – деди қўмита раҳбари.

Мавзуга оид