Ўзбекистон | 07:46 / 06.07.2024
8033
3 дақиқада ўқилади

Ўзгидромет июн ойини энг иссиқ июнлар бешлигига киритди

Синоптикларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2024 йил июн ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ июн ойлари бешлигига кирган. Ўтган ойнинг 27−28 июн кунлари ҳарорат +43 даражагача кўтарилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда июн ойи кузатув йилларидаги энг иссиқ июнлар бешлигига кирди. Бу ҳақда Ўзгидромет маълумот берди.

Қайд этилишича, Тошкентда ўтган июн ойи 2021 ва 2023 йилларнинг июнларидан сўнг учинчи ўринни эгаллади, улар меъёрдан 2,8−3,2 даражага иссиқроқ бўлганди.

Ой давомида ҳарорат фони деярли текис бўлиши қайд этилган. Республиканинг катта қисмида июн ойида максимал ҳарорат асосан +32…+37, жанубда ва чўл ҳудудларда +36…+41 даража атрофида бўлган.

Энг иссиқ об-ҳаво 27−28 июнкунлари кузатилган. Ушбу кунларда ҳарорат +39…+41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+43 даражагача кўтарилган. Бу июн ойи учун энг юқори ҳарорат қийматлари эмас.

Июн ойидаги максимал ҳаво ҳарорати рекордлари +42…+44 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +45…+47 даражани ташкил этади. Хусусан, Тошкентда 154 йиллик метеорологик кузатувлар учун 1914 йил июн ойининг мутлақ максимал ҳарорати +43 даража бўлган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда барча кузатув йиллари учун мутлақ максимум ҳарорат 1914 йил Термиз шаҳрида кузатилган. Ўшанда Термиз шаҳрида ҳарорат +49,6 даражага етган. 1990 йил Қизилқум чўлида +47,4 даража ва 2022 йил Муборакда +47,4 даражада ҳамда 2005 йил Бухорода 46,2 даража ҳарорат кузатилган.

2024 йил июн ойида ёғингарчилик жуда нотекис бўлган. Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўтган июн ойи экстремал қуруқ ой деб тавсифланиши мумкин.

Ой давомида ёғингарчилик миқдори 0,0−4 мм ни, айрим жойларда 6−11 мм.гачани ташкил этган. Фақат Андижон, Фарғона вилоятларида ва Қорақалпоғистоннинг шимолида ёмғир ёғиши жадалроқ бўлган. Ой давомида ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 15−22 мм.га етган.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғирлар тез-тез кузатилган ҳамда айрим кунларда ёмғир кучли — бир неча соат ичида 10−20 мм.гача бўлган. Бир ой давомида ёғингарчиликнинг умумий миқдори 25−35 мм.га етди, Фарғона вилояти тоғларида ва Тошкент, Қашқадарё вилоятларининг баланд тоғли ҳудудларида 60−100 мм.гача бўлиши кузатилган.

Шунингдек, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона вилоятларининг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида жала ёмғирлар ҳисобига сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келган.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с.гача эсган. Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим жойларида шамолнинг кучайиши 22−25 м/с.га етган. Республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида шамолнинг кўчайиши чангли бўронлар билан қайд этилди, кўринувчанлик 1000 метргача ёмонлашган.  

Мавзуга оид