Ўзбекистон | 17:52 / 09.07.2024
19951
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кенг кўламли пенсия ислоҳотини ўтказиш таклиф қилинди

Пенсия тизимидаги номувофиқлик фуқаролар пенсия бадалларидан кўп маблағ олмаётгани ва пенсиялар жуда паст эканини англатади, дейилади Стратегик ислоҳотлар агентлиги таҳлилида. Агентлик пенсия ёши ва пенсия тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқиш, умуман пенсия тизимини кенг кўламли ислоҳ қилишга чақирмоқда.

Фото: Kun.uz

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда пенсия тизимини яхшилаш имкониятларини ўрганиб, бир қатор таклифлар тайёрлади.

Агентликка кўра, Ўзбекистон “Allianz Pension Ranking 2023” пенсия рейтингида 75 та мамлакат қаторида 71-ўринни эгаллаган (Қозоғистон – 34, Россия – 37, Туркия – 59-ўринда). Мазкур рейтинг учта суб-индексларга асосланган, булар: базавий шароитлар, барқарорлик ва пенсия тизимининг монандлиги. Улар 1 дан 7 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади (бунда 1 – энг юқори баҳо). Ўзбекистоннинг умумий баҳоси 4,5 ни ташкил этган (базавий шароитлар бўйича 4,4; барқарорлик бўйича 3,6 ва монандлик бўйича 5,3).

Ўзбекистонда пенсия бадаллари даражаси (12-25 фоиз) бошқа мамлакатларга нисбатан юқори ҳисобланади. Бироқ тўловларнинг ялпи коэффициенти (55 фоиз) ўртача. Ушбу кўрсаткич ишчининг ўртача иш ҳақига нисбатан олинган ўртача пенсияни кўрсатади. Бу номувофиқлик фуқаро пенсия бадалларидан кўп маблағ олмаётгани ва пенсиялар жуда паст эканини англатади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда норасмий бандлик юқори бўлгани сабабли пенсия таъминоти тизимининг қамрови паст бўлиб – 38 фоизни ташкил этади. Пенсия механизмлари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган расмий молиявий хизматлар оммабоплиги ҳам паст.

Ўзбекистон пенсия тизими мажбурий бадаллар бўйича белгиланган тўлов тизимидан иборат бўлиб, борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштирилмоқда.

Сўнгги 10 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 бараварга ошган бўлса, харажатлари 5 бараварга ошган. 2020 йилдан пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан доимий равишда трансферт ажратилмоқда.

2022 йилда трансферт миқдори 11 трлн сўм (жами харажатнинг 24,7 фоизи)ни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 15 трлн сўм (29 фоиз) кўзда тутилган. 2030 йилда трансферт миқдори 38 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда.

Аксарият мамлакатларда мазкур компонент касбий пенсия дастурлари ёки шахсий жамғариш дастурлари билан тўлдирилади. Ўзбекистонда касбий пенсия режалари мавжуд эмас. Мавжуд бўлган ягона индивидуал жамғариш дастури мажбурий бўлиб, бадаллар ставкаси паст бўлгани (ойлик иш ҳақининг 0,1 фоизи) ва чекловчи қоидалари кўп бўлгани боис катта аҳамият касб этмайди.

Ушбу маблағларга ҳар йили инфляция миқдорида фоиз даромадлари (2021 йилда 10 фоиз, 2022 йилда 12,4 фоиз, 2023 йилда 8,8 фоиз) ҳисобланса-да, фуқаролар ўз жамғармаларини ихтиёрий равишда бошқа молиявий инструментларга ёки банк омонатларига йўналтириш ҳуқуқига эга эмас.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда пенсия тизимини такомиллаштириш учун қуйидагиларни таклиф қилмоқда:

  • Халқ банкидаги амалдаги мажбурий пенсия жамғарма ҳисобварақлари тизими ихтиёрий, мослашувчан ва бошқа банклар учун очиқ шаклга ўтказилишини таъминлаш;
  • йирик иш берувчиларга касбий пенсия таъминоти тизимини жорий этишга рухсат бериш, уларни молия институтлари билан ҳамкорлик учун боғлаш;
  • ўзини ўзи банд қилганлар томонидан давлат пенсия жамғармасига киритиладиган бадаллар миқдорини бир марталик қатъий белгиланган миқдор ўрнига даромадларига боғлиқ қилиб белгилаш. Уларга оз миқдорда бадал киритишга рухсат бериш;
  • ҳар бир пенсия учун маъмурий ва операцион харажатларни камайтириш учун давлат пенсия жамғармаси бошқарувини такомиллаштириш. Шаффофликни ошириш, пенсиянинг аниқ мезонларини белгилаш. Тизимни янада автоматлаштириш харажатларни камайтириш имкониятини беради;
  • расмий бандлик даражасини, шу жумладан, хотин-қизлар ўртасида ошириш. Бу пенсия таъминоти тизимига бадаллар базасини ва аҳолининг қамров даражасини ошириш имконини беради.

Агентликка кўра, пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш керак. Бунда: пенсия тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шу жумладан пенсия тайинлаш шартларини қайта кўриб чиқиш, пенсия ёшини умр давомийлигига мослаб қайта кўриб чиқиш, иш стажи ёки пенсия олиш учун бадалларни қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли қамровини ошириш каби жиҳатлар инобатга олиниши мақсадга мувофиқ, дейилади расмий ахборотда.

Мавзуга оид