Спорт | 16:58 / 10.07.2024
40350
7 дақиқада ўқилади

Биринчи яримфинал қаҳрамони. Ламин Ямал ҳақида беш факт

Месси 2007 йилдаги ижтимоий фотосессия вақтида мутлақо тасодифан танланган бир чақалоқни ваннада чўмилтирганди. Бу чақалоқ бугунги кунга келиб Испаниянинг умидига айланди.

Франция дарвозасига чиройли гол урган Ламин Ямал ўз исмини мусобақа тарихига узоқ йилларга ўчмас қилиб қолдирди. Тасаввур қилинг, 84 йиллик тарихга эга бўлган Европа чемпионатининг энг ёш иштирокчиси – Ламин, яъни шу пайтгача ундан ёш футболчи финал босқичида майдонга тушмаган. Хўп, қачондир, қайсидир миллий жамоа ёшроқ футболчини майдонга тушириб, бу рекордни олиб қўйиши мумкин, лекин яримфиналдаги гол-чи? Ҳар тўрт йилда Европада атиги иккитадан яримфинал бўлишини эътиборга олсак, Ламиндан ёшроқ кимдирнинг ўша яримфиналда майдонга тушиб, гол ҳам уриши эҳтимоли камида юз йиллар учун имконсиз бўлса керак.

Қуйида эса Ламин ҳақида балки ҳали кўпчилик билмаган яна бешта фактни ҳавола қиламиз.

«Бавария»да ўйнаши мумкин эди

Ямал «Барселона» сафидаги илк ўйинини 2023 йилнинг апрелида, 15 ёшу 9 ойлик пайтида ўтказганди. Аслида бу воқеа содир бўлмаслиги мумкин эди, чунки «Бавария» 2022 йилда Хави машғулотларга жалб қилишни бошлаган вундеркиндни ўз сафига қўшиб олиш учун қаттиқ ҳаракат қилганди. Немислар 14 ёшди Ямал «Алянц Арена»нинг келажакдаги узоқ йиллик қаҳрамони бўлиши мумкинлигига ишонишарди. Sky Sport Germany нашри бу ҳақида хабар берган.

Клуб вакиллари ҳатто футболчининг, ҳамда Гавининг агенти бўлган, Испания миллий жамоасининг собиқ аъзоси Иван де ла Пеня билан учрашишган ҳам. Аммо Ямал етти ёшдан шуғулланиб келган «Барселона»ни тарк этишни истамади.

Каталонияликлар ўтган йили ҳам Ламиндан ажралиб қолишлари мумкин эди – 13 июлда 16 ёшга тўлган Ямал профессионал шартнома тузиш ҳуқуқини қўлга киритди. Агар клуб ўз вақтида келишув амалга оширмаганда, футболчи эркин агентга айланарди. Айни дамда «Барселона» хотиржам, зеро октябрда тузилган шартномага кўра футболчининг товон пули бир миллиард еврони ташкил қилади. Шу пулни тўлабгина жамоалар Ямални «Барселона» розилигисиз қўлга киритишлари мумкин.

Марокаш миллий жамоасига ўтиш эҳтимоли бўлган

Ламин турфа миллатли оилада таваллуд топган: онаси Экваториал Гвинеядан, отаси эса марокашлик. Гвинеяликлар табиийки, вазиятга реал баҳо бериб, бу даражадаги истеъдодли футболчи бу давлат учун ўйнамаслигини тушунган бўлишса-да, Марокаш умидини узмади. Ахир сўнгги жаҳон чемпионатида Марокаш тўртинчи ўринни олди – шу пайтгача ҳеч қайси Африка қитъаси вакили бу босқичгача етиб келмаганди.

«Ҳамма у ҳақида сўрайди, уни Испаниядан олиб қочиш ниятимиз борлиги билан қизиқишади» – деганди марокашлик скаут Раби Такасса, - «унинг техникаси, ўйинни, голни ҳис қилиши... у мен ҳаётда кўрган энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири».

2023 йилнинг августида Марокаш вакиллари Ламин ва унинг ота-онаси билан учрашишди. У пайтда Ямал Испания терма жамоаси таркибида ҳали майдонга тушмаган, ёшлар таркибларида ўнлаб маротаба ўйнаган бўлса-да, бу африкаликлар таркибига ўтишга халақит бермасди. Тўғри, аслида Луис де ла Фуэнте ҳам аллақачон отни қамчилаган, Испаниянинг Евро-2024 саралаш кампаниясидаги футболчилар таркибига Ямални киритганди. Сентябрда Ламин Гуржистонга қарши ўйинда дебют қилди ва гол ҳам уришга муваффақ бўлди. Европа чемпионатида эса нималар қилаётганини яхши биласиз.

Евро даврида ҳам мактабда ўқимоқда

Европа чемпионатида нималар қиляпти? Ассистлар ва голлардан ташқари, ўйинлар ва машғулотлар орасидаги вақтда уй вазифаларини бажармоқда, имтиҳонларни топширди, зеро у ҳали мажбурий мактабни битирганча йўқ. Албатта, ўқув йили пайтида Ямал дарсларда қатнашиш имкони йўқ эди, футболчи асосан онлайн дарслар ва хусусий ўқитувчилар ёрдамида таълим олди. Шу ёзда белгиланган имтиҳонларни топширгач, у биздаги ўрта таълим даражасига тенг бўлган ESO квалификациясини олди.

«Мен эндигина ўқишни тугатдим ва менга ҳаммаси яхши ўтганини айтишди. Ростини айтсам, телефонда имтиҳон натижаларини кўрдим, у ерда менинг ўтганимни ёзишганди. Иловани ёпдим-да, онамга телефон қилиб хабар бердим» – дейди Ямал.

Улғайган шаҳрига алоҳида меҳр кўрсатади

Ямал аҳолиси 50 минг кишидан камроқ бўлган Эсплугес-де-Лиобрегат деб номланган каталон шаҳарчасида дунёга келган. Сал ўтиб, оила каттароқ Матаро шаҳрига кўчиб ўтишди. Шароитлар анча ёмон бўлган, аммо Ламин ўзи улғайган районнинг хурматини жойига қўяди – Ямалнинг бутсасида 304 сони ёзилган, футболчининг ўзи ҳар голидан кейин ушбу сонни қўллари билан ишора қилиб кўрсатади. 304 – Матародаги Ракафонд районининг почта индекси ҳисобланади. Шунингдек, футболчининг бутсасида Экваториал Гвинея ва Марокаш мамлакатларининг байроғи тасвири ҳамда LY ҳарфлари бор.

Месси билан машҳур сурат

Ақл бовар қилмас тасодиф. 2007 йилнинг декабрида «Барселона» футболчилари Diario Sport ва ЮНИСЕФ томонидан ташкил қилинган босма тақвимлар учун хайрия фотосессиясида иштирок этишади. «Барселона» футболчилари турли ижтимоий ва этник гуруҳ вакиллари бўлган чақалоқлар билан расмга тушишади.

Ажабланарли эмаски, фото-қаҳрамонлар Каталониянинг қашшоқ ҳудудларидан изланади ва табиийки, Рокафонд ҳам шундай районлар қаторида. AS маълумотига кўра, бундай оилалар Рокафондда шунчалик кўп бўлганки, танлов учун лотерея ўтказишган ва унда Ламиннинг оиласи ғалаба қозонган. Шу тариқа, ҳали бир ёшга тўлмаган Ламин фотосессияларда иштирок этди ва у билан Лионел Месси ҳам суратга тушди. Фотограф Жоан Монфорт эса ўша машҳур чўмилиш саҳнасини ўйлаб топди.

«Биз расмларни «Камп Ноу»да олгандик» – деб эслайди Монфорт, - «кўп расмлар меҳмон жамоалар ечиниш хонасида, баъзилари бошқа хоналарда тасвирга олинган. Ҳа, мен ўша расмни, Месси ва чақалоқни яхши эслайман, лекин қўнғироқ қилиб, ўша бола Ламин Ямал эканини айтишмагунча, ҳеч нарса билмасдим».

Ким билади, Евро ва Копа Америка шу тариқа давом этса, Месси ва Ямал биргаликда тушган кейинги расм «Олтин тўп» тақдирлаш маросимидан ҳам бўлиши мумкин.

Спорт Экспресс материали асосида

Мавзуга оид