Жаҳон | 21:49 / 10.07.2024
8893
2 дақиқада ўқилади

Ишга жойлашмаган мигрантларнинг оиласига Россияга кириш тақиқланиши мумкин

Россияда расман ишга жойлашмаган мигрантларнинг қариндошларини Россияга киритишни тақиқлаш, уларнинг фарзандларини эса рус тилидан базавий имтиҳон топширгачгина мактабга қабул қилиш режалаштирилмоқда, деб ёзмоқда Baza.

Фото: vedomosti.ru

Нашрнинг маълумотларига кўра, РФ Хафсизлик кенгаши Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идораларга Россия ҳудудига хорижлик меҳнат мигрантларининг қариндошларини киритмаслик масаласини ишлаб чиқиш топшириғини берган. Baza’га кўра, вазият билан таниш манбалар бундай қонун лойиҳаси устида аллақачон иш бошланганини айтишган.

Хорижий фуқароларнинг фарзандларини мактабга ўқишга қабул қилишда рус тилини қай даражада билишини тестдан ўтказиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси аллақачон Давлат думасининг қуй палатасига киритилган. Қонунга тушунтириш хатида ёзилишича, мактаб таълимини олиш учун ўқувчи рус тилини билиши шарт, бу тилда эркин сўзлаша олиши ва таълим дастурини тушиниши лозим.

Baza’нинг аниқлик киритишича, айни пайтда «Кадрлар» миллий лойиҳасининг ишчи версиясига киритилган «бошқарилувчи ёллаш» федерал лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, Россияга ишлаш учун бораётган мигрант бир қатор процедуралардан ўтиши керак. Улар орасида тиббий кўрик, дактилоскопия ва рус тилини қай даражада билишини аниқлаб берувчи тест бор. Қонун лойиҳасида Россияга меҳнат мигрантлари келаётган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш, уларни иш берувчиларга боғлаб қўйиш ҳам назарда тутилмоқда. Бу ҳолатда хорижлик фуқароларни «ягона оператор» орқали таклиф қилиш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид