Жамият | 18:24 / 10.07.2024
7375
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда учта машина иштирокидаги ЙТҲда йўловчи аёл ҳалок бўлгани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода жуда катта тезликда ҳаракатланган Spark бошқарувни йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиқдан ошиб ўтиб, қарама-қарши йўналишда келаётган иккита машина билан тўқнашганини кўриш мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ Kun.uz’да Тошкент шаҳрида 2 та Spark ва Honda машиналари иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ва оқибатда уч кишига тез тиббий ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.

Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХББ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодисада оғир тан жароҳати олган йўловчи аёл (у бошқарувни йўқотган Spark’да бўлган) шифохонада вафот этган.

Ҳодиса тафсилотларига кўра, 2024 йил 9 июл куни соат 19:40 ларда Сергели тумани Қипчоқ кўчасида, 43 ёшли ҳайдовчи аёл Д.У. бошқарувида бўлган Spark, 40 ёшли эркак бошқарувида бўлган Spark ва 22 ёшли йигит бошқарувида бўлган Honda билан тўқнашган.

Оқибатда Д.У. ва унинг бошқарувида бўлган Spark йўловчиси 43 ёшли аёл ҳамда Honda йўловчиси бўлган 22 ёшли аёл шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан 43 ёшли аёл шифохонада вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ҳолат тасвирланган видео тарқалди. Унда Д.У. бошқарувида бўлган Spark катта тезликда ҳаракатланиб келиб бошқарувни йўқотгани ва йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиқдан ошиб ўтиб, аввал Honda билан, сўнг бошқа бир Spark билан тўқнашганини кўриш мумкин.

Мавзуга оид