Жаҳон | 19:32 / 11.07.2024
8134
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Россиянинг қимматбаҳо қоғозларини мамлакатдан олиб чиқиш талабини қўйди

Қозоғистон қимматбаҳо қоғозлар марказий депозитарийси барча мижозларидан Россия қимматбаҳо қоғозларини мамлакатдан ташқарига олиб чиқишга чақирган, деб хабар бермоқда РБК.

Фото: kursiv.kz

Идорадагилар бу талабни Россия миллий ҳисоб депозитарийси (МҲД)га нисбатан АҚШнинг блокловчи санкцияси жорий этилгани билан тушунтирган.

АҚШ Молия вазирлигининг хорижий активлар устидан назорат бошқармаси (OFAC)нинг Москва биржаси ва унинг тузилмалари, жумладан, МҲД билан операцияларни якунлаш тўғрисидаги бош лицензияси 13 августгача амалда бўлади. Бироқ Қозоғистондан Россия қоғозларини олиб чиқишнинг сўнгги муддати 10 август қилиб белгиланган. Бунга сабаб Қозоғистон марказий депозитарийси мижозлардан йўриқномаларни қабул қилиш ва қайта ишлаши учун бироз вақт талаб этилади.

Гап “RU” ISINларига эга, ҳисоби МҲД томонидан юритиладиган бир қатор қимматбаҳо қоғозлар ҳақида бормоқда. Қозоғистон марказий депозитарийсида муомалада бўлган RU перфиксли 140 га яқин қимматбаҳо қоғозлар борлиги маълум бўлди. Булар суверен қарз облигациялари, корпоратив бондлар ва акциялардир.

«Марказий депозитарий мижозлардан келган йўриқномаларни қайта ишлаш мобайнида бу хатти-ҳаракат ортидан келадиган рисклар ва оқибатларни инобатга олиб бажариш имкониятини кўриб чиқади», — дейилган ташкилотда. Шу талаб баён этилган хатни депозитарий барча маҳаллий қатнашувчиларга жўнатган.

«Моҳиятан, хатда Россия ISINʼига эга барча қоғозлар бўйича ҳисоб-китобларни якунлаш ва Қозоғистон депозитарийсини улардан халос қилиш тавсия этилмоқда. Қозоғистон депозитарийси бу қоғозларни портфелларда кўришни истамаяпти», — деган Европанинг Mind Money боркери раҳбари Юлия Хандошко.

Агар мижозлар кўрсатиб ўтилган муддатгача Россия қоғозларини муомаладан чиқариш тўғрисида талабнома жўнатмаса, уларнинг Қозоғистон Марказий депозитарийси депо ҳисобрақамларидаги активлари музлатилади, Pen&Paper адвокатлар ҳайъати ҳамкори Кира Винокурова.

«Тавсияларни бажариш асносида активлар Россиянинг санкцияга тушмаган депозитарийларига ўтказиши ҳам мумкин, бироқ МҲДга қайтариб бўлмайди. Бу OFACʼнинг бош лицензиясига зид», — деган BGP Litigation фирмасининг комплаенс ва санкцион ҳуқуқ бўйича юристи Никита Ершов.

Ушбу вазиятда Қозоғистон депозитарийсининг бош мақсади — 13 августдан сўнг эҳтимолли музлатишга дучор бўлмаслик учун маҳаллий брокерларига эгалик занжирида МҲД иштирокидаги позицияларни қисқартиришга имкон бериш, деган FTL Adviser ҳамкори Игор Кузнец.

Қозоғистонда мавжуд Россия қимматбаҳо қоғозларининг аниқ ҳажми номаълум. Марказий депозитарий маълумотларига кўра, 2022 йилнинг мартидан декабригача қозоғистонлик брокерлар Россия қоғозлари билан 641,1 млрд танга (1,4 млрд доллар)лик битимларини амалга оширган. Шунингдек, 2022 йилда депозитарийга 50 млрд танга (104,6 млн доллар)лик акциялар ва 2 трлн танга (4,2 млрд доллар)лик бошқа молиявий воситалар ўтказилган. 

Мавзуга оид