Светофор ўрнига саҳна либослари ва жарималар бўйича таклиф — ҳафта дайжести
Пиёдалар ўтиш йўлаклари қонга бўялмоқда: айрим туманларда тадбирбозлик болалар хавфсизлигидан устун қўйиляпти. Энергетика вазирлигидан тадбиркорларга “сюрприз”: лимитдан кўп свет ёқиб қўйганлар 2 баравар нархда тўлайди. “Ўзавтосаноат” раҳбари президентга ҳисобот берди: BYD билан бюджет автомобиллар бўйича келишувга эришилган. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Ўтган ҳафта Навоий вилояти Хатирчи туманида, аҳоли яшаш пунктида тезликни 140 дан оширган иккита BYD 8 яшар қизнинг ўлимига сабаб бўлган эди. Душанба куни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фожиа бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди. Унда айтилишича, қамоққа олинган иккита ҳайдовчидан бири охирги 1 йилда 13 марта қоидабузарлиги учун жаримага тортилган, шундан 12 таси тезликни ошириш билан боғлиқ бўлган. Шу тариқа, хатирчилик қизалоқ жарима баллари тизимини кечиктираётган республика даражасидаги масъулларнинг навбатдаги қурбони экани янада ойдинлашди.
ЙҲХХ танқидларга жавобан эни 16 метр бўлган йўлдаги пиёдалар ўтиш жойига нега светофор қўйилмаганини ҳам изоҳлади. Маълум қилинишича, бу жойга 2024 йил 31 мартгача тугмали светофор ўрнатилиши керак бўлган, лекин маблағ ажратилмагани сабабли ҳалигача ўрнатилмаган. Маблағ ажратиши керак бўлганлардан бирортаси виждони қийналиб истеъфо берганини ҳозирча эшитганимиз йўқ. Бошқа томондан, уларга нисбатан сиёсий жавобгарлик масаласи ҳам кўриб чиқилмаяпти.
Аслида, туманнинг ҳозирги ҳокими фуқаролар хавфсизлиги масаласида ҳаммадан кўпроқ қайғуриши керак эди. Полковник Умиджон Адизов ўтган йили ҳоким этиб тайинланишидан олдин вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган, яъни бутун вилоят аҳолисининг хавфсизлигига бевосита жавобгар шахс бўлган. Лекин туман раҳбари бўлганидан кейин, афтидан, фуқаролар хавфсизлигига панжа ортидан қарай бошлаган.
Навоий вилоятида энг кўп аҳоли айнан Хатирчи туманида яшайди. Мурғак боланинг қонига бўялган пиёдалар ўтиш жойи эса шундоққина тиббиёт лицейининг олдида жойлашган. Салкам 20 млн долларлик маҳаллий бюджетга эга туманда лицей олдига светофор ўрнатиш учун пул топилмаганини фақат беписандлик билангина изоҳлаш мумкин, холос.
Хўш, болалар хавфсизлиги учун ишлатилиши керак бўлган пуллар қаерга кетяпти? Бу саволга жавоб олиш осон эмас: ҳоким Адизов маҳаллий бюджетдаги пулларни қаерга ишлатаётганини очиқлашни унчалик ҳам хуш кўрмайди. У деярли ҳамма қарорларини E-qaror порталида халққа кўринмайдиган қилиб яшириб қўйган. Очиқ қолдирилган қарорлардан кўриш мумкинки, ҳоким охирги ойларда тумандаги футбол клубини боқишни маҳаллий бюджет зиммасига юклаган, қўл остидаги ходимини 53 млн сўм сарфлаб Хитойга хизмат сафарига жўнатган, баҳорда аллақандай тадбир учун саҳна либослари сотиб олишга 75 млн сўм ажратган. Энди айтинг, йўллардаги фожиали авариялар саҳна либосларини болалар хавфсизлигидан устун кўрадиган туманда рўй бермасдан, яна қаерда рўй берсин?
Маҳаллий депутатлар маҳаллий бюджетни назорат қила бошлайдими?
Охирги йилларда ҳокимларнинг сиёсий вазни оширилиши баробарида, вилоятлар, туман ва шаҳарларнинг ўзлари мустақил бошқарадиган бюджетлари ҳам пайдо бўлди. Ҳокимлар қўлидаги маҳаллий бюджетлар ҳажми йилдан йилга ошиб боряпти ва бу тенденция давом этади. Давлат раҳбари шу ҳафта берган топшириққа асосан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ярмини туман бюджетида қолдириш масаласи кўриб чиқиладиган бўлди. Бу республика бўйича қўшимча бир неча триллион сўм маблағ маҳаллий бюджетларда қолади, дегани.
Биз бу хабарни етказишда маҳаллий бюджетлар тақсимоти ҳокимлар қўлида эканига урғу бераётганимиз бежиз эмас. Бу уларга ҳатто бюджет пулини қопда кўтариб бориб, хоҳлаган одамига бериш имконини беряпти. Ҳокимларнинг харажатлар масаласида ҳисобдор эмаслигини чоршанба куни имзоланган президент фармони ҳам тасдиқлайди. Фармонга асосан, ҳудудларга ажратилаётган маблағлар бўйича халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг сўрови ва назорати йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди. Бундан англашиладики, сўров ва назорат ҳали йўлга қўйилмаган, депутатлар энг фундаментал вазифаси – бюджетни бошқаришда иштирок этмаяпти.
Албатта, “ўртоқ ҳоким, пуллар қаерга кетди” деб сўраш учун депутатлар ҳокимлардан мустақил бўлиши керак. Маҳаллий кенгашларга ижро ҳокимиятидан де-юре мустақиллик берадиган қонун сешанба куни биринчи ўқишда қабул қилинди. Унга кўра, Конституцияда белгиланганидек, ҳокимларнинг кенгаш раиси мақоми бекор қилинади. Янги раислар кенгаш аъзолари орасидан сайланади, лекин сайланмаган ҳокимлардан фарқли равишда, сиёсат билан шуғулланиш уларнинг ҳар кунлик иши бўлмайди. Кенгаш раислари бу лавозимда асосий ишидан ажралмаган ҳолда, жамоатчилик асосида фаолият юритиши белгилаб қўйиляпти. Бу дегани маҳаллий даражада ижро ҳокимиятини тийиб туриши керак бўлганларга маош тўланмаслиги мумкин. Бундай янги тартиб вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида шу йил кузда бўладиган депутатлик сайловларидан кейин, туман (шаҳар)лар миқёсида эса 2026 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
Ислоҳотлар агентлиги жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга чақирди
Йўл-транспорт ҳодисаларига қайтсак. Юқорида Хатирчи тумани ҳақида айтганларимиз фақат бу туманга тегишли эмас. Тўрт ва ундан ортиқ полосали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларига светофорлар қўйилиши ҳақидаги ваъдаларга қарамай, бу йўналишдаги ишлар анча суст кетяпти. 8 июл куни яна бир ҳолат Андижон шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида рўй берди. Бу ерда пиёдалар йўлагидан ўтаётган 10 ёшли қизни Cobalt уриб кетди. У жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Бу ҳолатда ҳам нафақат қоидабузар ҳайдовчи, балки Андижондек аҳоли зич шаҳарни светофорлар билан етарлича таъминлаб қўймаган масъуллар ҳам жавобгарликка тортилиши тўғри бўларди.
Йўллардаги ҳаддан ташқари кўп аварияларга оид муҳокамалар фонида, Стратегик ислоҳотлар агентлиги қоидабузарликлар учун жарималарни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Бунда, инсон соғлиги ва ҳаётига бевосита дахлдор ҳолатлар учун жарималарни ошириш, баъзи қоидабузарликлар учун эса, аксинча, камайтириш таклиф қилиняпти.
Агентлик бу таклифини жазо чораларининг ҳуқуқбузарлик хавфи билан мутаносиб эмаслиги билан изоҳлаган. Масалан, шаҳарнинг қоқ марказида 170 тезликда ҳаракатланган ҳайдовчи атиги 3 млн сўм жарима билан қутулиб кетади, лекин давлатга пул тўламасдан тонировка қилганлар бундан 3 баробар кўп – 8,5 млн сўм тўлаши керак. Бу ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфи ўртасидаги тескари фарқ эса ер билан осмонча. Таққослаш учун, Қозоғистонда автомобил ойнасини қорайтирганлик учун жарима 468 минг сўм, Беларусда 138 минг сўм, Россияда эса 60 минг сўмни ташкил қилади.
Жарималар миқдори қанча бўлиши кераклиги ҳақида узоқ баҳслашиш мумкин, йўллардаги вазият эса шошилинч чораларни талаб қилади. Қисқа вақт ичида амалга киритиш мумкин бўлган вариантлар эса кам эмас. Масалан, маъмурий кодексдаги 17 прим 1-модданинг 3-қисмини бекор қилиш мумкин, шунда автоматлаштирилган радарларда қайд этилган қоидабузарликлар ҳам такрорий қоидабузарлик деб ҳисобланади, бир йил ичида бир неча марта тезликни оширганлар гувоҳномасидан айрилади. Бу билан, “88 марта қоида бузган ҳайдовчи аниқланди” деган хабарлар ҳам ўз-ўзидан тарихга айланади.
Бундан ташқари, аҳоли пунктларида, айниқса шаҳарларда тезликни 100 дан оширган потенциал қотилларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини шу заҳотиёқ камида 6 ой муддатга олиб қўйиш, жарима баллари тизимига ўтишни ортиқ чўзмаслик, йўлларни лойиҳалашда замонавий ёндашувларни қўллаш, радарларни каррасига кўпайтириш каби чораларни ҳам кўриш мумкин ва керак. Американи қайта ихтиро қилишга ҳожат йўқ, хоҳиш-ирода ва бироз масъулият бўлса бас.
“Свет бўйича лимитни оширишга асос йўқ” — Энергетика вазирлиги
Энергетика вазирлиги 200 kWh'лик лимитни бекор қилиш ёки ошириш бўйича ижтимоий тармоқлардаги оммавий акцияга муносабат билдирди. Вазирлик ижтимоий меъёрни оширишга қарши эканини таъкидлаб, бунга асос сифатида июн ойида аҳолининг 71 фоизи 200 kWh'гача, 82 фоизи эса 300 kWh'гача электр энергияси истеъмол қилганини келтирди. Лекин бу кўрсаткич қиш ойларида қанақа бўлишига изоҳ берилмаган. Умуман, газлаштирилмаган ҳудудларга нисбатан адолатсизлик бўлаётгани масаласида Энергетика вазирлиги аввалбошдан сукут сақлашни афзал кўряпти.
Шу ҳафта маълум бўлишича, энергетиклар яна бир масалада сукут сақлаб келган. Кўплаб тадбиркорлар свет учун олдиндан тўлаган пуллари жуда тез тугаб қолганидан шикоят қилгач, шу йил 31 май куни қабул қилинган ҳукумат қарори жамоатчилик эътиборидан четда қолгани ойдинлашди. Қарорга асосан, юридик истеъмолчиларнинг электр энергияси истеъмоли шартномада кўрсатилган миқдордан ошиб кетса, белгиланган тарифнинг 2 баравари, яъни киловатт-соати учун 1800 сўмдан ҳисоб-китоб қилинади. “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг таъкидлашича, тадбиркорлар шартномадаги лимитни ошириш учун электросетларга таклиф киритиш ҳуқуқига эга.
11 июл куни Сенатда маъқулланган қонунга кўра, юридик шахслар меъёрдан ортиқча энергия ишлатгани учун нафақат икки баробарлик тарифда тўлов қилади, балки жавобгарликка ҳам тортилади. Қонунда энергияни тежаш ва энергия самарадорлик талабларини бузганлик ва ресурсларни меъёридан ортиқча сарфлаганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилган. Айнан қанақа жавобгарлик ҳақида гап кетаётгани, меъёрдан ортиқча энергия сарфлангани қандай аниқланиши катта эҳтимол билан қонун имзоланганидан кейин маълум бўлади.
Пайшанба куни сенаторлар янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунни ҳам маъқуллади. Унда электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозор қоидалари акс эттирилган. Энергорегулятор раҳбари Шерзод Хўжаевнинг айтишича, соҳада бозор қоидалари “яқин кунларда” кучга кириши мумкин. Бунда “Ўзэнергосотиш” компанияси марказий харид қилувчи сифатида электр токини энг арзон нарх таклиф қилган станциядан сотиб олади. Йирик истеъмолчилар учун нарх-наво шаффоф тарзда, онлайн савдо платформасида шаклланиши, бу платформа 1 январдан бошлаб тест режимида ишга тушиши маълум қилинди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Жиззахдаги BYD заводида бюджет сегментидаги автомобиллар ҳам ишлаб чиқарилади. Бу масалада хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришдик, деди “Ўзавтосаноат” раиси Улуғбек Рўзиқулов президент Шавкат Мирзиёевга берган ҳисоботида. Келишув шартлари ва кўзда тутилаётган муддатлар очиқлангани йўқ. Рўзиқуловга кўра, Ўзбекистонда йиғиладиган В, С ва бюджет сегментидаги автомобилларнинг биринчи намуналари хитойликлар томонидан синовдан ўтказиш учун лабораторияларга топширилган. Айни пайтда, BYD'нинг импортни чеклаш ҳақидаги сўрови бўйича Ўзбекистон томони 1 июлгача қандай хулосага келгани номаълум бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон шаҳарларининг экологик рейтинглари эълон қилинди. Иқлим ўзгариши миллий маркази таҳлилларига кўра, экологик барқарорлик борасида Наманган шаҳри республикада биринчи ўринда туради. Ундан кейинги ўринларни Самарқанд ва Навоий шаҳарлари эгаллаган. 14 та маъмурий марказни ўз ичига олган рейтингда Тошкент 11-ўринда қайд этилган. Аҳоли жон бошига яшиллик даражаси бўйича Самарқанд биринчи ўринда туради. Ҳафта давомида, шунингдек, автомобилларга экологик стикер беришни бошлаш 2025 йил 1 мартга қолдирилди.
Тошкентда банкдан жуда катта миқдорда пул ўғриламоқчи бўлган жиноий гуруҳ ушланди. ДХХ хабарига кўра, банкнинг собиқ ходими 6500 доллар эвазига шу банкда ишлайдиган таниши, 22 ёшли мутахассисдан банк фойдаланадиган дастурий таъминотга кириш имконини берадиган кодларни қўлга киритган. Шундан кейин у шериклари билан банкнинг мобил иловасига уланган мижозларнинг 370 млрд сўм пулини ўғрилаб, хорижий ҳисобрақамларга ўтказиш режасини тузган. Улар 189 млрд сўмни хорижий валютага конвертация қилишга уринган вақтда ушлангани айтилмоқда. Маълумот учун, 370 млрд сўм бу 29,3 млн доллардан ортиқни ташкил этади.
Навоийда ИИБ ходими картасидаги пулини ўғирлатган фуқародан пора олди. Маълум қилинишича, Кармана туманида яшовчи фуқаро пластик картасидаги 62 млн сўм пулини ўғирлатиб қўйган. У ички ишлар органига мурожаат қилганида, вилоят ИИБ киберхавфсизлик бўлинмасининг катта тезкор ходими пулларни ким ечиб олганини аниқлаб бериш эвазига 600 доллар сўраган ва шунча пулни олаётган вақтида қўлга тушган. Бундан ташқари, ҳафта давомида Ўрта Чирчиқ тумани газ таъминоти бўлими бош муҳандиси 2600 доллар, Урганч давлат университети декани 8500 доллар пора билан ушланди.
Таниқли фирибгар Жамшид Баҳодиров навбатдаги фирибгарлиги учун қамалди. У “Xumo vines” тахаллусли вайнер билан бирга юзлаб одамларни “қулай шартларда автомобил олиб бериш”га ишонтириб, чув туширган. Бунинг учун Баҳодиров 9 йил-у 8 ойга, вайнер Ҳумоюн Махамаджонов эса 8,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Эслатиб ўтамиз, Баҳодиров аввалроқ “Авто 60 ой” раҳбари сифатидаги фирибгарлиги учун 8 йилга қамалиб, “намунали хулқи” учун 3 йилда озодликка чиққанди. Қўшимча қилиб ўтамиз, айни кунларда Тошкентдаги “Allianse Motors” автосалони ҳам одамларни алдаб юргани айтилмоқда, ҳолат бўйича жиноят иши очилган.
Автомобил ва кўчмас мулк бозорларида совиш кузатиляпти. Июн ойида енгил автомобиллар бозоридаги сотувлар ҳажми охирги 30 ой ичидаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Таҳлилларга кўра, сўнгги 1 йилда автомобил бозоридаги фаоллик 1,4 баробарга қисқарган. Кўчмас мулк бозорида эса биринчи ярим йилликдаги сотувлар республика бўйича 6 фоизга, Тошкент шаҳрида 14 фоизга камайган. Аввалроқ Марказий банк аҳолининг уй-жой харид қилиш имкониятлари чекланиб бораётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024