Ўзбекистон | 10:55 / 17.07.2024
31170
3 дақиқада ўқилади

9 та туман ва бир шаҳар ҳокими ишдан олинди

Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари ишдан олинди, 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисабатан интизомий жазо чоралари кўрилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари ишдан олинди, 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисабатан интизомий жазо чоралари кўрилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича видеоселекторда маълум қилинди.

«Ютуқларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Дунёдаги оғир шароитга қарамасдан барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришяпмиз.

Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари, йирик инвесторлар ҳам эътироф этяпти», деди давлат раҳбари.

Бунга муносиб ҳисса қўшаётган тармоқ, вилоят ва туманларга, тадбиркорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Шу билан бирга, фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйган 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш, Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимларини ишдан олиш бўйича Бош вазир А.Ариповнинг таклифи қўллаб-қувватланди.

  • Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманига 2020 йил ноябридан буён Узақберген Утамбетов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманига 2023 йил апрелидан буён Данияр Курбанов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига 2017 йил майидан буён Соли Ҳамроев раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Тошкент вилоятининг Тошкент туманига 2020 йил февралидан буён Одилхон Рустамов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Фарғона вилоятининг Фурқат туманига 2021 йил апрелидан буён Жаҳонгир Жуманов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Хоразм вилояти Гурлан туманига 2022 йил октябридан буён Умрбек Жуманиязов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Сирдарё вилояти Мирзаобод туманига 2023 йил октябридан буён Сарвар Султонов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Хоразм вилояти Янгиариқ туманига 2023 йил августидан буён Камол Отажонов раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Наманган вилояти Мингбулоқ туманига 2019 йил мартидан буён Нуршод Худойбердиев раҳбарлик қилиб келаётганди;
  • Навоий вилояти Ғозғон шаҳрига 2020 йил ноябридан буён Азим Бозоров раҳбарлик қилиб келаётганди.

Мавзуга оид