Аргентина ўйинида можаро, Ўзбекистон учун фойдали дуранг. Кун ўйинлари
Аргентина ва Марокаш ўйинининг сўнгги дақиқаларида урилган гол қарийб икки соатдан кейин бекор қилинди. Олимпиадада футбол турнирининг биринчи туридаги асосий воқеалар.
B гуруҳи
Сент-Этендаги триллер
Аргентина — Марокаш 1:2
Голлар: Симеоне (68) — Раҳими (45+2, 51 пеналти).
Аргентина – Рулли, Гарсия (Эчеверри, 84), Отаменди, Ди Чезаре, Солер (Амионе, 69), Алмада, Сенон (Симеоне, 54), Медина, Эссе (Фернандес, 69), Алварес, Белтран (Гондоу, 69).
Марокаш – Муҳаммади, Ҳакими, Ал Аззузи (Накач, 80), Букамир, Ал Ваҳди, Бен-Сегир (Кешта, 80), Таргаллин, Ал Ҳаннус (Бушуари, 90), Ричардсон, Аҳомаш (Аззалзулий, 59), Раҳими.
Огоҳлантиришлар: Аҳомаш (39), Ал Ҳаннус (45+3), Ал Ваҳди (61), Раҳими (70), Таргаллин (87), Фернандес (88), Муҳаммади (89), Ди Чезаре (90+9).
Олимпиадада футбол турнирининг биринчи куни жиддий можаро билан ёдда қоладиган бўлди. Марокаш ва Аргентина ўртасидаги ўйин (2:1) қўшиб берилган дақиқаларда марокашлик мухлисларнинг тажовузкорона ҳаракатлари туфайли тўхтатилди. Ўйинни охиригача етказиб қўйиш учун қарийб икки соатлик танаффус қилинди.
Учрашув ҳайратланарли сюжетда кечди. Ашраф Ҳакими бошчилигидаги «Атлас шерлари» мудофааси биринчи бўлимда Маскерано шогирдларига ўйин бермади, бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни очишди: 28 ёшигача Европада ўйнамаган, сўнгги йилларда БААнинг «Ал-Айн» клубида тўп суриб келаётган Сўфиён Раҳимий 51-дақиқада «Барселона»нинг собиқ футболчиси Аҳомашнинг товонда пас бериши билан бошланган ҳужумни якунлади. Иккинчи бўлим бошида эса Раҳимий Аҳомаш ишлаган пеналтини аниқ ижро этиб, дублни расмийлаштирди. 68-дақиқада Жулиано Симеоне битта жавоб қайтарди. Кейин эса марокашликларнинг 35 ёшли дарвозабони Муҳаммадийнинг вақти келди — у бир неча дақиқа оралиғида Амионенинг дарвозабон ҳудудида туриб бош билан йўллаган зарбасидан кейин қойилмақом сейв ижро этди, кейин эса яккама-якка вазиятда Ҳулиан Алваресдан устун келди. Умуман олганда, жанубий америкаликларда ҳисобни тенглаштириш учун етарлича имкониятлар бўлди. Бу имкониятни ФИФАнинг қўшимча дақиқалар бўйича тавсиялари ҳам ошириб юборди. Қатардаги жаҳон чемпионатида барча одатдагидан кўра кўпроқ дақиқалар қўшилишига кўникиб бўлганди, аммо Олимпиададаги ҳакамлар рекорд қўйишга қарор қилишган.
Швециялик арбитр Гленн Нюберг роппа-роса 15 дақиқа қўшиб берди — бунга ўйинда тўхталишлар кўп бўлгани сабаб эди, чунки марокашлик мухлислар иккинчи бўлим давомида кўп марта майдонга чопиб чиқишди. Трибуналардаги мухлислар ҳам аргентиналикларга нисбатан агрессив муносабатда бўлишди — мадҳия янграётган маҳалда ҳам ҳуштакбозлик қилинди.
Сент-Этендаги «Жеффруа-Гишар» стадионида шу куни африкалик фанатлар мутлақ кўпчиликни ташкил этарди — аренага сиғадиган 42 минг кишидан 35 мингга яқинини. Бундай нисбат ажабланарли эмас: Францияда бир ярим миллион атрофидаги марокашлик яшайди.
Аргентинаикларга душманона муносабат кўрсатилишига «Албиселесте» футболчилари Америка кубогидаги ғалабадан кейин куйлаган қўшиқ ҳам сабаб бўлди. Футболчилар ўшанда Франция миллий жамоаси аксари африкаликлар авлоди бўлган футболчиларининг келиб чиқиши устидан кулишганди.
Ўйиндаги энг кескин эпизод 90+16-дақиқада рўй берди — аргентиналикларнинг сўнгги штурмида бир неча зарба қайтарилганида Кристиан Медина барибир тўпни дарвозага киритди ва бу марокашликларнинг кескин норозилигини келтириб чиқарди.
Аввалига улар голни нишонлаётган футболчилар томон петардалар, пластик бутилкалар ва стаканлар улоқтиришди, кейин ўзлари ҳам газонга тушиб кела бошлади. Ҳакам ва хавфсизлик хизмати ходимлари жамоаларни кийим алмаштириш хонасига олиб кетди.
Аввалига ўйин шу билан якунлангандек кўринганди. Аммо бош ҳакам финал ҳуштагини чалмаганди, шу туфайли ўйинни давом эттириш масаласи очиқ қолганди. Жамоалар стадионни тарк этишмади ва фақат қарийб икки соат ўтганидан кейин сўнгги уч дақиқани ўтказиб қўйиш учун газонга қайтишди. Аргентинанинг TyC Sports каналига кўра, ҳакамлар футболчилардан майдонга эртароқ қайтишни сўраган, аммо улар рад этган. Футболчилар майдонга чиққанида арена бўшаб бўлганди — мухлислар хавфсизлик нуқтайи назаридан трибуналардан олиб кетилганди.
Ундан олдинроқ эса VAR «Албиселесте»нинг жавоб голини текширишга киришганди — кутилмаган тартибсизликлар туфайли рефери эпизод бўйича якуний қарорни чиқара олмаганди. Якунда Кристиан Мединанинг зарбасидан 92 дақиқа ўтганида гол бекор қилинди — «Бока Хуниорс» яримҳимоячиси офсайдда қолгани маълум бўлди.
Маскерано ўйиндан кейин қарийб икки соат давомида гол бекор қилингани ҳақида ҳеч нарса айтилмагани (Олимпиада сайтида ўйин 2:2 ҳисобида якунлангани қайд этилган)ни маълум қилди ва буни ўз фаолиятидаги энг катта цирк деб атади. Лионел Месси эса инстаграмдаги саҳифасида ушбу ҳолатга ишора қилинган сторис қўйди.
Марокаш бу ғалабадан кейин B гуруҳи жадвалида етакчи бўлиб олди — параллел ўйинда Украинага қарши иродали ғалабага эришган (2:1) Ироқда ҳам уч очко бор. Ироқликлар сафида голларни асосий жамоада ҳам етакчи футболчилар бўлган 28 ёшли Айман Ҳуссайн ва 20 ёшли Али Ясим уришди.
Ироқ — Украина 2:1
Голлар: Айман Ҳусайн (57, пеналти), Али Жассим (75) — Рубчинский (53).
Ироқ – Расетим, Садун, Taҳсин, Ҳасан, Али (Али Жассим, 58), Байиш, Муҳаммал (Ватифи, 58), Али, Ҳусайн (Ал Имом, 90), Амин (Ал Кинани, 79).
Украина – Фесюн, Крупский, Таловеров (Салюк, 73), Батагов, Мартинюк, Хлан, Брагару (Сич, 73), Рубчинский, Михайленко (Фёдор, 73), Крискив (Очеретко, 79), Сикан (Краснопир, 80).
Огоҳлантиришлар: Крискив (26), Таловеров (56), Брагару (56), Расетим (90+13).
A гуруҳи
Анрининг асосий турнири
Франция — АҚШ 3:0
Голлар: Ляказетт (61), Олисе (69), Баде (85).
Франция – Рест, Силдийя, Лукеба, Баде, Трюффер, Мийо (Аклиуш, 71), Шотар, Коне (Магасса, 87), Олисе (Дуэ, 82), Ляказетт, Матета (Калимуэндо, 71).
АҚШ – Шулте, Ҳарриэл, Циммерман, Робинсон, Толкин, Михайлович (Макглинн, 76), Бузио (Диетз, 71), Тессманн, Паредес (Бут, 76), Ааронсон (Йоу, 76), Mакгуайр (Уайли, 86).
Огоҳлантиришлар: Силдийя (17), Паредес (37).
Тиерри Анри мураббий сифатида қандайлигини кўпчилик ҳали яхши билмайди. Ўтмишнинг энг яхши форвардларидан бири бир неча йил муқаддам «Монако»да ишлаб кета олмаганди. У МЛСда «Монреал» бошқарувида тажриба тўплади, Белгия миллий жамоасида Роберто Мартинесга ассистентлик қилди. Лекин бу лавозимларда эканида кўпроқ уни телевидение эксперти сифатида кўриш мумкин эди. Энди эса — у Франциянинг ўз майдонидаги Олимпиадасидаги умиди.
Босим — юқори. Кутилмалар даражаси ҳам. АҚШ эса ўйин бошида учранглиларга максимал даражада қаршилик кўрсатди. Америкаликлар ишончли ҳимояланишди, ҳужумда эса хавфлироқ ҳаракатланишди. Биринчи бўлимда Аронсон ҳисобни очиши мумкин эди. Иккинчи бўлимда Михайловичнинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди. Аммо французлар ушбу мустаҳкам рақибни енга олишди. Бунда жамоадаги фахрий футболчи Ляказетт катта ҳисса қўшди. Ушбу сардор жарима зарбасидан кейин тўпни олис устун томон аниқ йўллаб, ҳисобни очди.
Шундан кейин Франция яна сабрли бўлишига тўғри келди. Рақиб тезда босимни оширди ва бир ярим дақиқа оралиғида гол уриш учун иккита қулай имкониятга эга бўлди. Биринчи ҳолатда Рест қаҳрамонлик кўрсатиб, Аронсоннинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбасини тўсди, иккинчи ҳолатда эса — Паредеснинг узатмасидан кейин дарвозага бир ярим метр масофада тўпни қабул қилиб олган Толкин устунни пойлади.
Олисе эса унга аниқлик борасида сабоқ бериб қўйди, у идеал даражадаги айланма зарбаси билан ўйин масаласини ҳал қилди. Шу ёзда «Бавария» сафига келиб қўйилган футболчига Ляказетт ассистентлик қилди. Ўйин охирларида эса бурчак зарбасидан кейин Баде тўпни бош билан дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Натижада ўйинга унчалик мос бўлмаган 3:0 ҳисоби қайд этилди. Шу билан бирга, французлар ўз кучига юқори ишончга эга бўлди ва турнир фаворитларидан бири эканини тасдиқлади.
Гвинея U-23 – Янги Зеландия U-23 1:2
Голлар: 0:1 – 25 Гарбетт, 1:1 – 72 Диавара, 1:2 – 76 Уэйн.
Гвинея U-23 – Силла, Сума, Сиссе, Кейта, Кейта (Камара, 87), Мориба (Камара, 74), Туре (Камара, 73), Диавара, Балде, Диалло (Уларе, 79), Ба.
Янги Зеландия U-23 – Полсен, Bindon, Бокселл, Серман, Саттон, Белл, Сингҳ, Гарбетт (Келли-Ҳеалд, 84), Ҳердман (ван Ҳаттум, 77), Уэйн, Бейлисс (Гиллион, 77).
Огоҳлантиришлар: Белл (90+6), Сума (90+9).
C гуруҳи
Шомуродов тарихий гол урди
Ўзбекистон – Испания – 1:2
Голлар: Элдор Шомуродов 45+3, пеналтидан – Марк Пубил 28, Серхио Гомес 62.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Серхио Гомес, 60 (дарвозабон)
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Ҳусниддин Алиқулов, Абдуқодир Ҳусанов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Абдурауф Бўриев (Русланбек Жиянов, 67), Умарали Раҳмоналиев, Жасур Жалолиддинов (Диёр Холматов, 67), Остон Ўрунов (Ҳусайн Норчаев, 60), Элдор Шомуродов (Иброҳим Ибрагимов, 80) Аббосбек Файзуллаев.
Испания: Арнау Тенас, Марк Пубил, Эрик Гарсия, Пау Кубарси (Пачеко, 46), Хуан Миранда, Пабло Барриос, Алекс Баэна, Фермин Лопес (Адриан Бернабе, 76), Аймар Орос (Диего Лопес, 77), Серхио Гомес, Абел Руис (Саму Омородион, 86).
Огоҳлантиришлар: Пау Кубарси 7, Жасур Жалолиддинов 36, Марк Пубил 37, Абдурауф Бўриев 61, Диёр Холматов 68, Адриан Бернабе 80.
Анъанага кўра Олимпиадада футбол турнирлари очилиш маросимидан олдинроқ бошланади ва Париж-2024 да ҳам бундан мустасно бўлмади. Чоршанба куни Ўйинлардаги мусобақалар бошланиб кетди — эркаклар регбиси ва футболда.
Ўзбекистон ва Испания чекига Франциядаги асосий стадионлардан бири — «Парк де Пренс»да турнирни бошлаб бериш масъулияти тушганди. Табиийки, Европанинг амалдаги чемпионлари издошлари ўйин фаворити ҳисобланарди, лекин Германиядаги турнир ғолибларидан фақат икки киши - Фермин Лопес ва Алекс Баэна Парижга келган. «Барселона»нинг яна икки футболчиси Пау Кубарси ва Эрик Гарсия, шунингдек шу ёзда «Манчестер Сити»дан «Реал Соседад»га ўтган Серхио Гомес каби футболчилар Испания олимпия жамоасини даҳшатли рақибга айлантирарди.
Ўзбекистон таркибида эса Европа клубларида ўйнаётган фақат икки футболчи - «Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳамда «Ленс» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов бор эди. Қолаверса, ўзбекистонликлар учун бу ўз тарихидаги илк олимпиада бўлмоқда. Тимур Кападзе шогирдлари Париж йўлланмасини шу йил баҳорида ўтказилган Осиё кубогидаги (U-23) муваффақиятли иштирок эвазига қўлга киритганди (финалда японияликларга мағлуб бўлинган).
Ўзбекистон 4-4-2 схемасида ҳаракатланди, лекин жамоа етакчиси Файзуллаев ЦСКАдаги каби чап қанотдан эмас, балки ўнг қанотдан жой олди. Жамоа ўйинни тетик бошлади: тўп испанларга топширилди, лекин ўйин стартида рақиб жарима майдонида бир неча бор хавфли вазиятлар вужудга келтирилди — аввалига Раҳмоналиевнинг зарбаси хато кетди, кейин Шомуродов жарима майдонига ёриб кирди, аммо барча ҳимоячиларни алдаб ўтолмади.
Ҳисобни эса барибир Испания очди, европаликлар илк имкониятдан унумли фойдаланди: 29-дақиқада Гомес стандарт вазиятдан тўпни узатди, Руис тўпни узоқ устун томонга ўтказиб берди, Пубил ҳужумни якунлади.
Бу гол ўзбекистонликларнинг руҳини тушириб юбора олмади. 37-дақиқада Ўрунов жарима майдонига киришда йиқитилди, аммо Жалолиддиновнинг бу стандартдан йўллаган зарбаси дарвозабон учун осон ўлжага айланди. Биринчи бўлим якунланаётганида эса мавританиялик арбитр Дахан Бейда видеотакрорни кўриб келиб, пеналти қўйди: Кубарси жарима майдони ичида Ҳамралиевни йиқитгани маълум бўлди, Шомуродов эса тўпни аниқ йўллади — 1:1. Бу Ўзбекистоннинг Олимпиада ўйинларидаги илк голи!
Иккинчи бўлим Ўруновнинг хавфли зарбаси билан бошланди, аммо 57-дақиқада ўзбекистонликлар дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди: бу вазиятда Файзуллаев жарима майдонида эҳтиётсизлик қилган ва Оросени йиқитганди. Аммо дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ўзини кўрсатди ва Гомеснинг марказга йўлланган зарбасини оёқлари билан тўсиб қолди.
Лекин бир неча дақиқа ўтиб «Манчестер Сити»нинг собиқ ҳавбеки айбини ювди: испанларнинг ҳужуми марказга узатилган тўпга етиб келган Гомеснинг аниқ зарбаси билан якунланди - 2:1.
Ўтказиб юборилган голдан кейин ўзбекистонликлар фаоллашди: 73-дақиқада Шомуродовнинг ҳужуми олис устун томон йўлланган зарба билан якунланди — тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Кейинроқ Алиқуловнинг жарима зарбаси хавфли чиқди, асосий вақт охирида Ҳамралиев қулай вазиятдаги Норчаевга пас узатди, аммо Тенас унинг ниятини олдиндан сезиб, хавфни бартараф этди.
Испанлар иккинчи голдан кейин умуман голли вазият яратишмади ва ўйиннинг қолган қисмини ҳимояда ўтказишди. Майдонда ўзбекистонликлар яхшироқ кўринди ва номдор рақибни вақт чўзишга мажбур қилишди. Аммо барибир ўйинда ҳисоб тенглашмади: қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчисида Раҳмоналиев яхши вазиятдан фойдалана олмади, унинг зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
1:2 ҳисобига очко берилмайди, аммо ўзбекистонликлар тенгма-тенг ўйин кўрсатишди ва жамоа плей-оффга чиқиш учун яхши имконият сақлаб қолмоқда. Гуруҳдан айнан ушбу жуфтлик кейинги босқичга йўл олиши эҳтимоли юқори: Миср ва Доминикан Республикаси жамоалари пастроқ даражада.
Миср U-23 – Доминикан Республикаси U-23 0:0
Миср U-23 – Ала, Эйд, Абдулмажид, Файед, Маҳмуд (Ҳамди, 87), Эл-Ненни, Шеҳата, Отто (Камол, 87), Зизо, Адил (Саад, 86), Фейсал (Мажар, 77).
Доминикан U-23 – Валдес, Рейес Маризан, Пуҳол, де Лукас Перес, Урбайиз Гомез, Мершел, Мессина (Де Ла Круз Мангас, 76), Петер Федерико (де Леон Гомез, 77), Уреня (Аскона, 77), Лоренцо Кабрера (Баез, 77), Рафаэл Нунес (Лемайре, 90).
Гуруҳдаги иккинчи ўйин натижаси ўзбекистонликлар учун идеал натижа билан якунланди. Биринчидан, ўзбекистонликларга плей-оффга чиқишда рақобатчи бўлган жамоалар биттадан очко олишди. Иккинчидан, мисрликлар ҳам доминиканликлар ҳам ҳеч нарса кўрсата олишмади. Ҳозирча айтиш мумкинки, бу жамоалар Ўзбекистон билан солиштирганда тенг рақиб эмас. Бу назарияни кейинги турларда амалда кўрсатиш керак бўлади, бу ўйинлардан биринчисини ўзбеклар шанба куни Мисрга қарши ўтказади, яна бир неча кун ўтиб Доминиканга қарши ўйин кутади.
D гуруҳи
Парагвайнинг хўрланиши
Япония U-23 – Парагвай U-23 5:0
Голлар: 1:0 – 18 Мито, 2:0 – 63 Мито, 3:0 – 69 Ямамото, 4:0 – 81 Фудзио, 5:0 – 87 Фудзио.
Япония U-23 – Кокубо, Секине, Кимура, Такаи, Оҳата (Нишио, 81), Ямамото (Кавасаки, 73), Фужита, Мито (Фудзио, 73), Сайто (Араки, 73), Ҳосоя, Ҳиракава (Сато, 35).
Парагвай U-23 – Фернандес, Флорес Малгареҳо, Балбуэна, Дежесус Лопес, Ривас (Кантеро Фернандес, 82), Гомес, Виера, Гомес (Гонсалес, 82), Энсисо (Нунес Дутарте, 74), Фернандес (Парзажук, 62), Кабалеро (Перес, 62).
Огоҳлантиришлар: Фернандес (8), Такаи (50), Секине (57), Дежесус Лопес (80), Гонсалес (90+5).
Четлатиш: Виера (25).
Америка Кубогида Парагвай миллий жамоасига сардор бўлган Балбуэна Олимпиадага ҳам шу мақомда ташриф буюрди. Жамоада гуруҳдан чиқиш учун имконият ёмон эмасди, аммо қизил-оқлар стартни муваффақиятсиз ўтказишди. Аниқроғи — Япония нисбатан юқори даражадаги жамоа эканини намойиш этди. Дастлаб Мито ҳисобни очди, кўп ўтмай «Кўк самурайлар» сон жиҳатдан кўпчилик бўлиб олишди. VAR аралашувидан кейин Виера муддатидан олдин кийим алмаштириш хонасига йўл олди. Ушбу футболчи майдон марказида бутсасининг остки қисми билан ҳужум қилган Ҳиракава ўйинни давом эттиришга ҳаракат қилди, аммо бир неча дақиқа ўтиб майдонни замбилда тарк этишга мажбур бўлди.
Жанубий Америкада Олимпиада учун саралашда ғолиб чиққан парагвайликларда иккинчи бўлимда ўн киши бўлиб ҳам ўйинни қутқариш учун имконият бўлди. Аммо Марсело Фернандес нафақат хато зарба йўллади, балки японияликларни сергаклантириб юборди. Осиёликлар яна тўлиқ ҳужум билан олдинга ташланди ва рақиб мудофаасидаги хатолардан фойдаланишди, Сайтонинг қанотдан узатмасидан кейин Мито дублни расмийлаштирди. Бир неча дақиқа ўтиб таянч зонаси вакили Ямамото урган гол парагвайликларни буткул таслим этди, унга ҳам Сайто ассистентлик қилди. Захирадан майдонга тушган Фуджионинг сўнгги дақиқаларда урган голлари орадаги фарқни яққол кўрсатиб берди. Лекин параллел учрашувда Мали ва Исроил ўртасида қайд этилган дуранг парагвайликларда чоракфиналга чиқиш учун имконият қолдирмоқда.
Мали — Исроил 1:1
Голлар: Думбия (63) — Диалло (56, автогол).
Мали – Диарра, Диоманде, Тункара, Диалло, Дукуре, Гидду (Сако, 74), Траоре, Диаките, Диарра (Диалло, 74), Думбия, Диарра.
Исроил – Нирон, Фейнголд, Голдберг, Лемкин, Бин Ҳаруш, Глух (Йона, 82), Ганделман, Парада (Шаҳар, 46), Абада (Давида, 67), Тургеман, Мадмун (Азулай, 46).
Огоҳлантириш: Диоманде (90+1).
Мавзуга оид
18:15 / 13.09.2024
Ўзбекистон Паралимпия ҳаракатининг олтин авлодисиз – Шавкат Мирзиёев
21:04 / 07.09.2024
Хитой қаторасига олтинчи марта Паралимпия ўйинларида ғалаба қозонди
14:53 / 06.09.2024
Спортга харажатлар: келажак учун инвестициями ёки ортиқча дабдаба?
10:24 / 31.08.2024