Жаҳон | 11:17 / 25.07.2024
4014
3 дақиқада ўқилади

Шолц: Германия НАТО ва Россия ўртасидаги кескинлашувнинг олдини олмоқчи

Германия Украинага қурол етказиб бериш бўйича қарорларни НАТО ва Россия ўртасидаги урушдан қочиш истагидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади, деди Германия канцлери. У, шунингдек, Германияда Америка ракеталарини жойлаштириш қарорини ҳимоя қилди.

Фото: Bernd von Jutrczenka/dpa/picture alliance

Германия федерал канцлери Олаф Шолцга кўра, Германия ҳукумати Киевни қўллаб-қувватлаб, НАТОнинг Россия билан муносабатларини кескинлаштирмасликка ҳаракат қилмоқда. «Биз Украинани керакли даражада қўллаб-қувватлаймиз ва шу билан бирга, барча қарорларимиз Россия ва НАТО ўртасидаги урушнинг олдини олишга қаратилган», — деди у 24 июл, чоршанба куни Берлиндаги матбуот анжуманида.

Шунга асосланиб, Германия Украинага қандай турдаги қуролларни топшириши мумкинлигини ва қайси бирини бера олмаслигини «аниқ кўрсатади». Шунингдек, Шолц Киевга Россия Федерацияси ҳудудида тақдим этилган қуроллардан фақат Харкив вилояти билан чегарадош ҳудудларда фойдаланишга рухсат берганини қайд этди.

ГФР канцлери Германияда Америка ракеталарини жойлаштириш тўғрисида 

Шу билан бирга, у Германия ҳудудида Американинг узоқ масофали ракеталарини жойлаштириш қарорини ҳимоя қилиб, ҳаво мудофаасини кучайтириш зарурлигига ишора қилди. Ушбу ҳолат Германиянинг миллий хавфсизлик стратегиясига киритилган, деди у. «Бу урушнинг олдини олишга хизмат қилади», дея қўшимча қилди Шолц. 

Американинг узоқ масофали ракеталарини жойлаштиришни тўхтатиш учун Москва нима қилиши кераклиги ҳақидаги саволга у: «Россия Украинадаги урушни тўхтатиши керак», деб жавоб берди. 

Шолц TAURUS ракеталарини Киевга топширишдан бош тортди 

Германия канцлери Киев сўровларига қарамай, кўп ойлардан бери TAURUS узоқ масофали тизимларини Украинага ўтказишдан бош тортмоқда. «Жуда узоқ масофали қуролларни етказиб бериш ва уларни қандай бошқариш ҳақида ўйламаслик мумкин эмас, назорат фақат немис аскарлари иштирокида амалга ошиши мумкин, бу эса мутлақо юз бермайди», деганди у март ойида.

Шолц TAURUS ракеталарини Украинага топширишдан бош тортишини Германия Россиянинг Украинага қарши урушига жалб қилинишидан ташвишланиши билан изоҳлади. Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари яқинда Киевга янада қатъий ёрдам беришни қўллаб-қувватлашини бир неча бор билдирган. Европадаги чегаралар бошқа ҳеч қачон куч билан ўзгартирилмаслиги керак ва Германия бунинг олдини олиш учун ўз вазифасини бажаришда давом этади, деди у. 

Мавзуга оид