Жаҳон | 23:30 / 26.07.2024
7920
2 дақиқада ўқилади

Майк Помпео Трампнинг Украина бўйича эҳтимолли тинчлик режасини тасвирлаб берди

Агар сайловда ғалаба қозонса, Доналд Трамп Украинага ленд-лиз доирасида ярим триллион доллар тақдим этиши, Украинага етказилаётган қурол-яроғларга жорий этилган тақиқларнинг барчасини олиб ташлаши мумкин, деган АҚШ давлат департаментининг собиқ раҳбари Майк Помпео.

Фото: Reuters

«АҚШ солиқ тўловчиларининг гарданига янги ҳисоблар осиш ўрнига, Украинага Россия устидан ғалаба қозониши учун қурол-яроғ сотиб олишига қанча пул керак бўлса шунча қарз олишга қўйиб беринглар», — деб ёзган Помпео The Wall Street Journal нашрида, Трампнинг Украинадаги урушни тугатиш бўйича режаси қандай бўлиши мумкинлигини тушунтира туриб.

Собиқ давлат котиби Трамп Москва билан бўлажак келишувнинг шартларини аниқлаштириб олиш мақсадида Россияга қарши “реал” санкциялар жорий этиши ҳам мумкин деган. Помпеонинг сўзларига кўра, бу ҳолда ҳеч ким Донбасс ва Қримнинг Россияга қўшилганини тан олмайди.

«Худди биз Болтиқбўйининг СССРга қўшилганини, ГДРни 1974 йилгача тан олмаганимиз сингари», — деган Помпео.

Бундай ёндашувнинг амалга оширилиши натижасида жанговар ҳаракатлар тўхтайди, Украина мудофаа кучларини ошириб олади, деган собиқ мулозим. Шундан сўнг мамлакат “АҚШ солиқ тўловчиларининг долларлари ҳисобига эмас, Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан репарациялар” ҳисобига тиклана бошлайди. Ўз навбатида, Россиядан халқаро санкциялар Украина НАТОга ва Европа Иттифоқига қабул қилинганидан сўнг олиб ташланади, дея мухтасар қилган Помпео.

Мавзуга оид