Жаҳон | 08:01 / 27.07.2024
2855
2 дақиқада ўқилади

РФ Мудофаа вазирлиги таъминотчиси бўлган институт раҳбари ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди

ОАВ хабарларига кўра, «Волна» марказий илмий-тадқиқот институти президенти 74 ёшли Владимир Арсенев Қизил майдонда ўзини ёқиб юборишга уринган. Аввалроқ у давлат мудофаа буюртмаларини бузишда айбланган эди.

Фото: РИА Новости

«Волна» марказий илмий-тадқиқот институти президенти, 74 ёшли Владимир Арсенев Москвадаги Қизил майдонда ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди. Бу ҳақда 26 июл, жума куни Mash ва Baza Telegram-каналлари, шунингдек, «Московский комсомолец» (МК) газетаси хабар берди

Журналистларнинг сўзларига кўра, Арсенев шу тариқа давлат мудофаа буюртмалари бўйича ҳарбий таъминотни тўхтатганлик айбловларига қўшилмаслигини билдирмоқчи бўлган. МК ёзганидек, «Ростех»га аввалроқ «Волна» марказий илмий-тадқиқот институти раҳбарияти махсус ҳарбий операция эҳтиёжлари учун (Россияда Украинага қарши уруш шундай деб аталади) давлат мудофаа буюртмаси доирасида зарур маҳсулотларни етказиб беришни қасддан кечиктирганлиги ҳақида шикоят келиб тушган. Mash маълумотларига кўра, Арсенев институти «текширувдан ўтган», аммо унда ҳеч қандай қоидабузарлик аниқланмаган. Журналистлар таъкидлашича, Владимир Арсенев ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси билан чиққан, бироқ у рад этилган. 

Бундан ташқари, Baza маълумотларига кўра, Арсенев «яқинда» Тергов қўмитасига ариза ёзган, унда «компания атайлаб банкрот қилинаётганини ва давлат мудофаа буюртмасини бажаришга рухсат берилмаётганини айтди». Telegram-канал таъкидлашича, эркак Мудофаа вазирлиги, «ФСБ» ва бошқа идораларга худди шундай хатлар юборган. 

«Волна» марказий илмий-тадқиқот институтининг расмий веб-сайтида таъкидланишича, институт Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тижорат мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган алоқа тизимлари, ускуналари, илғор инертиал навигация тизимлари ва метрологик ускуналарни ишлаб чиқаришга ихтисослашган.