Жаҳон | 08:10 / 29.07.2024
2401
3 дақиқада ўқилади

Bloomberg Ҳарриснинг АҚШ вице-президенти лавозимига номзодларини маълум қилди

Bloomberg хабарига кўра, Камала Ҳаррис жамоаси вице-президентликка номзодлар рўйхатини кўриб чиқмоқда. Харрис 7 августгача ўз номзодини танлаши кутилмоқда.

Фото: Jim Vondruska / Getty Images

27 июл куни Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Демократик партиядан АҚШ президентлигига эҳтимолий номзод Камала Ҳаррис вице-президентликка номзодлар қисқа рўйхатига эга. Агентлик манбаларига кўра, Ҳарриснинг потенциал номзодлар рўйхатига Аризонадан сенатор ва собиқ астронавт Марк Келли, Пенсилвания губернатори Жош Шапиро ва Миннесота губернатори Тим Уолз киради. Bloomberg таъкидлашича, бу амалдорлар «умуммиллий жозибага» эга. 

Ҳаррис аллақачон ўз жамоасига потенциал номзодларни текширишни бошлашни буюрган, деди нашрга унинг кампанияси вакили. Бу нафақат ҳуқуқий кўриб чиқиш, балки сиёсатчилар билан «твитлар, нутқлар ва видеолар»ни ўрганишни ҳам ўз ичига олади, деди демократ маслаҳатчи Карен Финни. Ҳаррис 7 августгача ўз номзодини танлаши кутилмоқда. 

«Марказий қарашларга эга оқ танли эркаклар» 

Нашрга кўра, Харрис рўйхатидаги номзодларнинг аксарияти «марказий қарашларга эга оқ танлилар» бўлиб, улар иккилаётган штатлардаги сайловчилар, таниқли тадбиркорлар ва донорлар овозини жалб қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, қисқа рўйхатдаги амалдорлар «Трамп ва унинг оташин сиёсий услубига ҳужум қилиш тажрибаси»га эга. Камала Ҳарриснинг бўлажак иттифоқчиси унга «кампанияни ўтказишда ва унинг номидан пул йиғишда ёрдам беради, кучли томонларини тўлдиради ва заиф томонларини қоплайди», деб таъкидлайди Bloomberg. 

Байденнинг пойгадан чиқиши ва Ҳаррис номзоди

Жо Байден АҚШ президентлиги сайловидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. 

Байден ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилиб, уни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» билдирди. Кейинчалик Камала Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.

Шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден пойгадан чиққанидан сўнг, вице-президент Камала Ҳаррис бўлажак сайловларда номзод бўлиш учун Демократик партия делегатларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланганини эълон қилди. 

Мавзуга оид