Жаҳон | 10:07 / 29.07.2024
6097
4 дақиқада ўқилади

Исроил: Ҳукумат истеъфоси учун янги норозилик намойишлари

Намойишчилар ҲАМАС гаровга олганларни озод қилиш ва мамлакатда сайловлар ўтказиш бўйича келишув имзоланишини талаб қилмоқда. Улар бош вазир Нетаняҳуга Қўшма Штатлардан қайтиши билан аэропортда «илиқ кутиб олиш»га ваъда берди.

Фото: Mostafa Alkharouf/Anadolu/picture alliance

Ғазо секторида гаровга олинганларни озод этиш ва Бинямин Нетаняҳу ҳукумати истеъфоси талаб қилинган ҳафталик намойишларнинг минглаб иштирокчилари 27 июл куни кечқурун Тел-Авив кўчалари бўйлаб юришди. Намойишчилар, шунингдек, Исроил назорати остидаги Жўлан тепаликларининг шимолидаги Маждал Шамс қишлоғига ракета ҳужуми қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлади. Исроил ҳужумда «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини айблади.

The Times of Israel ва Haaretz таъкидлашича, собиқ бош вазир Эҳуд Барак намойишда Нетаняҳу ҳукуматини ағдариш учун «кенг кўламли фуқаролар қўзғолони, зўравонликсиз фуқаролик бўйсунмаслик акцияси» бўйича чақириғини такрорлади. 

Haaretz Тел-Авивдаги митингдан кейин тўқнашувлар бўлиб ўтганини, полициянинг баъзи намойишчиларни куч билан тарқатиб юборгани ва камида бир нафарини қўлга олгани ҳақида хабар берди. Нашрнинг таъкидлашича, норозилик намойишлари бош вазир Нетаняҳунинг Кесариядаги шахсий қароргоҳи яқинида, шунингдек, Ҳайфа, Қуддус, Беэр-Шеба ва бутун мамлакат бўйлаб ўндан ортиқ жойларда бўлиб ўтган. 

28 июл, якшанба куни Бен-Гурион аэропортида Нетаняҳунинг АҚШдан қайтиши вақтида оммавий намойиш бўлиб ўтиши кутилганди.

Нетаняҳу ҲАМАС билан келишув имзоланишини қасддан бузишда айбланмоқда 

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) жасадларини уч кун аввал Ғазо секторидан олиб чиққан беш гаровга олинганнинг қариндошларидан иккиси митингда сўзга чиқди. «Агар биз тирикларни реабилитация қилиш учун олиб келмасак ва ўлганларнинг охиргисини дафн қилмасак, Исроил жамияти ичкаридан қулаб тушади», - дея улардан бирининг сўзларини келтиради The Times of Israel. 

Намойишлар олдидан ўтказилган матбуот анжуманида гаровга олинганларнинг айрим қариндошлари Бинямин Нетаняҳуни бош вазир томонидан қўйилган қўшимча талаблар туфайли ҲАМАС ҳаракати билан уларни озод қилиш бўйича ўт очишни тўхтатишга оид музокараларни бузишда айблади. Хабарларга кўра, ҳар икки томоннинг юқори мартабали амалдорлари уларни амалга оширишни «реал эмас» деб ҳисоблашган. 

Нетаняҳу 24 июл куни АҚШ Конгрессидаги нутқи билан гаровга олинганларнинг оилалари ҳафсаласини пир қилди, унда бош вазир келишув мажбуриятини олмаган, деб ёзади The Times of Israel. «Бутун дунё унинг нутқини кузатиб турди ва бутун мамлакат бир неча сўз айтишини кутди: «Мен келишув имзоладим». Лекин у «келишув» сўзини ҳатто ишлатмади ҳам», - деди «Еш Атид» партиясидан депутат Владимир Белиак Ҳайфадаги митингда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид