Жаҳон | 07:20 / 31.07.2024
2639
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитой ва Эроннинг етти компаниясига қарши санкциялар киритди

АҚШ Молия вазирлиги Эрон, Хитой ва Ҳонгконг компанияларига Эроннинг ракета ва дрон ишлаб чиқариш дастуридаги иштироки учун санкциялар киритди.

Фото: Iranische Armee/Zuma Press/dpa/picture alliance

АҚШ Молия вазирлиги 30 июл, сешанба куни Эрон, Хитой ва Ҳонгконгда жойлашган беш нафар шахс ва етти компанияга Эроннинг баллистик ракета ва учувчисиз учоқлар дастурида иштирок этгани учун санкциялар киритди. Молия вазирлигига кўра, бу компаниялар Эрон Мудофаа вазирлиги учун турли бутловчи қисмларни сотиб олади ёки ишлаб чиқаради.

Харид қилинган компонентлардан фойдаланган ҳолда Эронда ишлаб чиқарилган ракеталар ва УУА кейинчалик Яқин Шарқ ва Россияга юборилади, дейилади хабарда. «Эроннинг баллистик ракеталар ва учувчисиз учоқларни эҳтиётсиз равишда тарқатиши янада беқарорликни келтириб чиқаради, минтақада ва бутун дунёда тинч аҳоли ҳаётига таҳдид солади», деди АҚШ молия вазири ўринбосари Брайан Нелсон.

Санкциялар, хусусан, Хитойда жойлашган Beijing SNTD компаниясига қарши жорий қилинган. У, АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Эрон Мудофаа вазирлигининг сохта компанияси ҳисобланади. Айтилишича, компания Эрон учун гироскоп ва акселерометрлар - баллистик ракеталар ва учувчисиз учувчи аппаратларни яратиш учун асосий компонентларни сотиб олган. АҚШ жазосига тортиладиган шахслар орасида Beijing SNTD ходими ва унинг Эрондаги ҳамкори ҳам бор. 

Чекловлар Эрон керакли компонентларни сотиб олган «қўшимча сохта компаниялар ва агентларни фош қилади», деди Нелсон. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар «Эронга ушбу ҳалокатли қуролларни ишлаб чиқаришда ёрдам берганларни жазолашда давом этади». 

Мавзуга оид