Жаҳон | 09:21 / 31.07.2024
11911
4 дақиқада ўқилади

Исроил Туркияни НАТОдан чиқариб юборишга чақирди

Туркия президенти ўз мамлакатини «Эрон ёвузлик ўқи иштирокчисига» айлантирди, деди Исроил ташқи ишлар вазири Эрдўғаннинг таҳдидларига жавобан. Кацнинг сўзларига кўра, НАТО Туркияни «дарҳол чиқариб юбориши» керак.

Фото: Gili Yaari/NurPhoto

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ўз давлатига қарши таҳдидларига жавобан Туркияни НАТОдан «дарҳол чиқариб юбориш»га чақирди. Кац 29 июл куни кечқурун «Эрдўған Туркияни Эроннинг ёвузлик ўқининг иштирокчисига айлантирди» деди.

Унинг эслатишича, Исроилга бостириб кириш билан таҳдид қилаётган Туркия Исроил 2023 йил 7 октябрдаги мисли кўрилмаган терактдан буён кураш олиб бораётган ҲАМАС гуруҳи аъзоларини қабул қилмоқда. 

Аввалроқ Кац Туркия президенти сиёсатини Ироқ диктатори Саддам Ҳусайннинг ҳаракатлари билан солиштирганди. «Эрдўған Саддам Ҳусайннинг изидан бормоқда ва Исроилга ҳужум қилиш билан таҳдид қилмоқда», — деб ёзди Кац 28 июл куни Х ижтимоий тармоғида. 

Эрдўғаннинг таҳдидлари 

Туркия Ливия ва Қорабоғга киргани каби Исроилга ҳам кириши мумкин, деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған, унинг сўзларини Al Ain Türkçe нашри келтирди. «Қорабоғ ва Ливияга қандай кирган бўлсак, уларга ҳам шундай қилишимиз мумкин», - дея огоҳлантирди у Исроилнинг Фаластинга нисбатан сиёсатига жавобан. 

ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужумига жавобан Ғазо секторида Исроил армияси ҳарбий амалиёти бошланганидан бери Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган. Эрдўған ҲАМАСни «озодлик ташкилоти» деб атаган ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Адолф Ҳитлерга қиёслаган. Июл ойи ўрталарида Туркия раҳбари унинг мамлакати Фаластин ҳудудида барқарор тинчлик ўрнатилмагунча, НАТО ва Исроил ўртасидаги ҳамкорликка энди рози бўлмаслигини айтган эди. 

2020 йилда Туркия БМТ томонидан тан олинган Ливия Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ливияга ўз қўшинларини юборган, дея эслатади Reuters. Анқара Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий амалиётларига бевосита алоқадорлигини рад этади, бироқ 2023 йилда ўзининг яқин иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун «барча воситаларни, жумладан, ҳарбий тайёргарлик ва модернизацияни қўллашини» билдирган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид