ЖССТ Суданда соғлиқни сақлаш муассасаларига қилинган ҳужумлардан ташвишда
БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги энг катта очарчилик инқирозига дуч келаётган Судандаги можарода 18 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Судандаги тиббиёт муассасаларига ҳужумлар сони ортиб бораётганидан ташвишда, бу ерда сўнгги 8 ҳафта ичида 22 та шундай ҳодиса қайд этилган.
ЖССТ ёзма баёнотида шундай дейилади: «ЖССТ Судандаги соғлиқни сақлаш муассасаларига ҳужумларнинг кучайишидан даҳшатга тушди. Фақат охирги 8 ҳафта ичида 22 та шундай ҳужум тасдиқланди».
Ҳужжатда соғлиқни сақлаш муассасаларига қилинган ҳужумлар қораланиши ва халқаро инсонпарварлик қонунчилигининг бузилиши эканлиги таъкидланиб, Суданда бир йилдан ортиқ давом этаётган уруш туфайли соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишнинг жиддий чеклангани эслатилади.
«Касалхоналар, тиббий муассасалар, тез тиббий ёрдам машиналари ва бошқа соғлиқни сақлаш объектлари давом этаётган уруш туфайли тўқнашувлар ва тез-тез кўчирилиш ҳолатларини бошдан кечираётган Судан халқи учун ҳаёт йўли ҳисобланади. Судандаги соғлиқни сақлаш муассасалари, ходимлар ва жиҳозларга қилинган ҳужумлар соғлиқни сақлаш тизимини оғир аҳволга солиб қўйди», - дея таъкидлайди ЖССТ.
ЖССТга кўра, Судандаги соғлиқни сақлаш ходимлари «миллионлаб одамларга хизмат қилиш қатъияти билан, ниҳоятда оғир шароитларда ишлашда, ҳаётни сақлаб қолиш учун ёрдам кўрсатишда давом этмоқда, бироқ уларнинг қатъиятлилиги ва фидойилиги бомбардимон, таъқиб қилиш, қўрқитиш, жароҳатлар ва ўлим билан тақдирланяпти».
«Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига кўра, соғлиқни сақлаш, тиббий асбоб-ускуналар, тиббиёт ходимлари ва беморлар ҳатто уруш даврида ҳам ҳимоя қилиниши керак», — дейилади баёнотда.
Унда таъкидланишича, тинчлик Судан халқининг саломатлигини таъминлаш ва мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини қайта қуриш учун муҳим аҳамиятга эга.
Суданда фуқаролар уруши
Суданда Умар ал-Баширнинг 30 йиллик бошқаруви ағдарилганидан сўнг тинч аҳоли иштирокида тузилган ҳукуматга қарши қўшма тўнтариш уюштирган армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (ТҲК) ўртасида ҳокимият учун кураш бир йилдан ортиқ давом этмоқда.
2023 йил апрел ойи ўрталарида бошланган ва Суданнинг аксарият штатларида давом этаётган фуқаролар урушида армия шимолий ва шарқий штатларда ҳукмронлик қилишда давом этмоқда, ТҲК эса ғарбий ва жанубий штатларда самаралироқ.
Саудия Арабистони ва АҚШ воситачилигида Жиддадаги музокаралар, Миср бошчилигида қўшни давлатлар билан тинчлик ташаббуси, Шарқий Африкадаги тараққиёт бўйича ҳукуматлараро идоранинг саъй-ҳаракатлари ва Баҳрайн пойтахти Манамадаги музокаралар урушнинг тўхташига олиб келмади.
БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги энг йирик очарчилик инқирози рўй бераётган Судандаги можаро 18,8 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди, 10 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди ва 25 миллиондан ортиқ одам шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
14:30 / 04.11.2024
Суданда вабо эпидемияси 852 кишининг ҳаётига зомин бўлди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:57 / 31.10.2024