Ўзбекистон | 16:00 / 31.07.2024
3827
4 дақиқада ўқилади

Текин пишлоқ қопқонда: фирибгарларни аниқлаш учун тавсиялар

Фото: Finlit.uz

Бугун фирибгарликнинг турли кўринишлари орқали фуқароларни чув тушираётганлар фойдаланадиган усулларни билиш – маблағингизни ҳимоя қилишнинг ягона йўлидир.

Бугунги кунда фирибгарлар одамларга “инвестиция компанияларига” пул ўтказишни ва куч ҳамда вақтни беҳуда сарф қилмасдан мунтазам равишда даромад олишни таклиф қилишади. Уларнинг ваъдалари шубҳали бўлишига қарамай, кўпчилик уларнинг ҳийлаларига тушиб, ўз маблағларини йўқотмоқдалар. Бу мақолада Finlit.uz жамоаси Сизга фирибгарлар қандай найранглардан фойдаланиши ҳақида айтиб беради.

Нима учун инвестиция соҳаси фирибгарлар учун жозибадор ҳисобланади?

Инвестиция фаолиятини амалга ошириш юқори тажриба ва малака талаб қилиб, булар одатда оддий фуқарода бўлмайди. Шу сабабдан, фирибгарлар бу масалада одамларни алдашлари осон бўлади. Улар ўзларини юқори малакали мутахассислар сифатида таништиришади ва даромадларни қўшимча мажбуриятларсиз оширишни таклиф қилишади.

Фирибгарлар пул ундириш учун қандай схемалардан фойдаланадилар?

Телефон фирибгарлиги ҳозирги кунда кенг тарқалмоқда. Фирибгар қўнғироқ қилиб, ўзини таниқли инвестиция компаниясининг таҳлилчиси сифатида таништиради. Кейин у қўшимча юқори даромад олиш учун фуқарога маблағларни номи таниқли компания номига жуда ўхшаш ташкилотга ўтказишни таклиф қилади. Ташкилот номидаги фарқ деярли сезилмаслиги мумкин: қўшимча ҳарф, ёзишда ҳарфлардан бири лотин алифбосида ёзилиши ва ҳоказо.

Профессионал атамалардан фойдаланиб, у "алоҳида" таклифлар ҳақида гапириб беради, масалан, автомобил сотиш, қурилишга ва ҳоказоларга инвестициялар киритиш. Содда одамлар эса бу албатта даромад келтиришига ишониши мумкин.

Агар фирибгарлар найрангига тушиб қолсангиз нима қилиш керак?

Ҳодиса ҳақида зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш керак. Эсингизда бўлсин: телефон фирибгарларини топиш жуда қийин, шунинг учун биз инвестиция компаниясининг офисида ҳужжатларнинг асл нусхасини текширгандан сўнг имзолашни тавсия этамиз.

Агар инвестиция шартномаси имзоланган бўлса, қонунбузарлардан пул ундириш учун судга мурожаат қилишингиз мумкин. Агар сизнинг қўлингизда шартнома бўлмаса, қуйидаги далилларни (аудио ёки видео ёзув, мессенжердаги ёзишмалар) тақдим эта олсангизгина судга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Эсда тутингки, бугунги кунда одам масъулиятли молиявий қарорлар қабул қилиш учун билим ва кўникмаларга эга бўлмаса, пулларини йўқотиши жуда осон.

Фирибгарликни қандай аниқлаш мумкин?

1. Сизга қўнғироқ қилган ходимдан ташкилотнинг тўлиқ номи, лавозими, тўлиқ исми ҳақида маълумотни сўранг. Суҳбатни дарҳол тўхтатинг ва компаниянинг веб-сайтида кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилиб, ходим улар ташкилотида ишлайдими ёки йўқми суриштиринг.

2. Агар сиз билан компаниянинг веб-сайтидаги рақамдан қўнғироқ қилиб боғланишса, бу унинг ходими билан гаплашаётганингизни англатмайди. Фирибгарлар кўпинча рақамни сохталаштиришга имкон берувчи дастурлардан фойдаланадилар.

3. Агар ходим сизни офисига таклиф қилса, компания веб-сайтида кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилиб, офис манзилларини текширишни унутманг.

4. Агар сиздан ҳисоб очиш учун инвестиция компаниясининг веб-сайтида рўйҳатдан ўтиш сўралса, манзил сатрига эътибор беришни унутманг: тўғри веб-сайтда эканлигингизга ишонч ҳосил қилинг.

5. Уланиш хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Агар сайт манзили олдида "https" бўлса, унда хавотирга ўрин йўқ.

6. Қоғоз шартномаларни устун қўйинг. Онлайн шаклда тузилган шартномалар электрон ресурслардан ўчирилиши мумкин. Агар қўлингизда асл ҳужжатлар бўлса, келажакда керак бўлиб қолса, суд ёки давлат идораларига мурожаат қилишингиз мумкин. Инвестиция шартномасини тузишдан олдин пул ўтказманг.

8. Шартнома шартларига эътибор беринг. Ҳужжатда компания ходими сизга айтган шартлар кўрсатилиши шарт. Агар улар матнда бўлмаса ва ходим уларни кўрсата олмаса, унда шартнома тузиш ва пул ўтказишдан бош тортиш яхшироқдир.

Finlit.uz сайтини кузатиб боринг ва ҳар доим молиявий янгиликлардан хабардор бўлинг.

Реклама